Жиноят содир этиб, Россияда яшириниб юрган ўзбекистонликлар қўлга олинди
Иллюстратив фото
Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари чет давлатлардаги ҳамкасблари билан йўлга қўйилган ҳамкорликлари натижасида, жиноят содир этиб, тергов ва суддан бошқа давлатларда яшириниб юрган шахсларнинг турар жойини аниқлашмоқда.
Тошкент шаҳар ИИББ Жиноят қидирув бошқармаси томонидан доимий равишда МДҲ давлатларидаги, хусусан, Россия Федерацияси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари билан ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича чоралар кўрилмоқда.
Йилнинг бошидан буён РФдан Тошкент шаҳар ИИББга 9 нафар тергов ва суддан яширинган айбланувчи қўлга олиниб этап қилинганлар. 17 март куни Москвада Тошкент шаҳар ИИББ сўровига биноан жиноят содир этганликлари сабабли қидирув эълон қилинган уч нафар шахс қўлга олинди. Улар Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168 (“Фирибгарлик”) ва 169-моддасида (“Ўғрилик”) назарда тутилган жиноятларни содир этганлиги учун қидирув эълон қилинган 27 ёшли Андрей Ш; Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддасида (“Фирибгарлик”) кўрсатилган жиноятни содир этганлиги учун қидирув эълон қилинган 27 ёшли наманганлик Абдумуталибхон Х; Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 273-моддасида (“Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш”) кўрсатилган жиноятни содир этганлиги учун қидирув эълон қилинган 32 ёшли Григорий С.
24 март куни Новосибирскда маҳаллий полиция ходимлари Тошкент шаҳар ИИББнинг сўровига биноан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекснинг 168-моддасида (“Фирибгарлик”) кўрсатилган жиноятни содир этганлиги учун қидирув эълон қилинган 39 ёшли Лутфулла Р.ни қўлга олишди.
Қўлга олинган шахсларга нисбатан суд томонидан ҳибсга олиш чораси қўлланилди. Қўлга олинган шахслар Ўзбекистонга суд ишларини давом эттирилиши учун қайтарилиб, жазонинг муқаррарлиги принципи таъминланди.
Қўлга олинган шахслар Ўзбекистондан ташқарида бўлганликларига қарамасдан, уларнинг турар жойлари Тошкент шаҳар ИИББнинг чет эллик ҳамкасблари билан йўлга қўйган ҳамкорликлари натижасида аниқланди.
Шуни таъкидлаш жоизки, йўлга қўйилган жойларга чиқиш билан амалга ошириладиган тезкор-қидирув тадбирлари Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасида эришилган ижобий натижа ҳисобланади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг