Жаримани вақтида тўламагани учун жазо оғирлаштирилди
Маълумки, жиноят кодексининг тегишли моддасига кўра, агар ҳукм қилинган шахс жазо тариқасида тайинланган жаримани белгиланган муддатларда тўлашдан бўйин товласа суд жариманинг тўланмаган миқдорини мажбурий жамоат ишлари, ахлоқ тузатиш ишлари, хизмат бўйича чеклаш, озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо билан алмаштирилиши белгиланган. Мажбурий ижро бюроси Чортоқ туман бўлими иш юритувида судлар томонидан қўлланилган жарималарни тўлаш билан боғлиқ ҳужжатлар ижросини таъминлаш борасида бир қатор шахсларга тегишли чора-тадбирлар кўрилди.
Фуқаро Қ. Ю. га жиноят ишлари бўйича Чортоқ туман cудининг ҳукмига асосан давлат фойдасига 17 миллион 840000 сўм жиноий жарима қўлланилган эди. Мазкур ҳужжат Бюронинг Чортоқ туман бўлими иш юритувига келиб тушгандан сўнг қарздорга уни белгиланган муддатларда тўланиши юзасидан огоҳлантириш берилади. Бироқ, уч ой давомида бу ишдан бўйин товлаб келган. Шундан сўнг давлат ижрочиси томонидан жарима тариқасидаги жиноий жазони бошқа тури билан алмаштириш тўғрисида судга тақдимнома киритилди. Суд ҳукмига кўра Қ. Ю. энди озодликни чеклаш жазосини ўтайдиган бўлди.
Яна бир фуқаро А. Т. га ҳам жиноят ишлари бўйича Хўжаобод туман cудининг ҳукмига асосан давлат фойдасига 14 миллион 977500 сўм жиноий жаримани ундириш белгиланган. У ҳам мажбуриятни бажармай келди ва жаримани тўлашдан бўйин товлагани учун суд ҳукми билан озодликни чеклаш жазосини олди.
— Бу сингари шахслар жарима тўловини пайсалга солиш билан жавобгарликдан қутула олмайдилар, балки, ўз аҳволларини мураккаблаштирадилар, — дейди МИБнинг Наманган вилоят бошқармаси инспектори Ойбек Иноятов. — Масалан, ўтган йили якуни билан шундай хатти-ҳаракатни содир этган 104 нафар шахснинг иши судга оширилиб, жиноий жазонинг оғирроқ турига ҳукм қилинди.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг