Жарималарни тўлашда фуқароларга енгилликлар берилмоқда
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Миллий тикланиш" демократик партияси фракцияси йиғилишида дастлаб “Ўлчаш воситаларини қиёслашдан ўтказиш соҳасига хусусий сектор жалб қилиниши муносабати билан “Метрология тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.
Таклиф этилаётган қонун лойиҳаси метрология хизматларини кўрсатиш соҳасига хусусий секторни кенг жалб қилиш ҳамда бу борадаги давлат ташкилотларининг эксклюзив ҳуқуқларини бекор қилиш орқали мавжуд монополияларни бартараф этиш мақсадида ишлаб чиқилган.
Фракция аъзолари қонун лойиҳасини кўриб чиқиш чоғида уни янада такомиллаштириш, пишиқ-пухта ҳолатга келтириш бўйича ўз фикр-мулоҳазалари, таклифларини билдирди. Қизғин кечган бахс-мунозаралардан сўнг, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан маъқулланди.
Йиғилишда кун тартибидаги навбатдаги масала — “Маъмурий жарималарни ижро этиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш ҳақида” қонун лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, амалиётда Мажбурий ижро бюроси томонидан қўлланиладиган маъмурий жарима миқдори ундирилиши лозим бўлган суммага нисбатан номутаносиб равишда бир неча карра юқори белгилаш ҳолатлари кузатилмоқда. Масалан, ундирилиши лозим бўлган қарздорлик 150 минг сўм бўлса-да, ўз вақтида тўланмаганлиги учун шахс Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаси билан 300 минг сўмдан 1,5 млн сўмгача жаримага тортилиши мумкин.
Мазкур қонун лойиҳаси билан Мажбурий ижро бюроси томонидан қўлланиладиган маъмурий жариманинг миқдори ижро ҳужжатида ундирилиши белгиланган суммадан юқори бўлиши мумкин эмаслиги, Мажбурий ижро бюроси номидан маъмурий жазо қўллашга ваколатли бўлган мансабдор шахслар доираси аниқ белгиланмоқда.
Депутатларнинг фикрича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашга, жарималарни тўлашда фуқароларга енгилликлар берилишига, Мажбурий ижро бюроси тизимида назорат кучайтирилишига ва суиистеъмолчиликларнинг олди олинишига хизмат қилади.
Муҳокамалар давомида фракция аъзолари бу янгиликларни халқимиз анчадан буён кутаётганини инобатга олиб, қонун лойиҳасини қўллаб-қувватладилар.
Йиғилишда кун тартибига киритилган бошқа қонун лойиҳалари ҳам муҳокама қилинди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг