Жарималар реал даромадларга мос бўлиши керак

20:28 15 Май 2023 Сиёсат
670 0

Парламент қуйи палатасидаги ЎзХДП фракциясининг навбатдаги йиғилишида бир қатор қонун лойиҳалари биринчи ва иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.

Хусусан, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ижара ва лизинг муносабатларини тартибга солишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокамаларга бой бўлди.

Таъкидланганидек, мазкур қонун лойиҳаси ижара ва лизинг муносабатларидаги қонунбузилиши ҳолатларининг олдини олиш, шунингдек, ушбу соҳада жисмоний ва юридик шахсларнинг мулкий ҳуқуқлари кафолатини таъминлашга хизмат қилади.

Шунингдек, қонун лойиҳаси билан кейинчалик сотиб олиш шарти билан ижарага ёки лизингга бериш билан боғлиқ ҳуқуқий муносабатлар такомиллаштирилади, автотранспорт воситаларини ижарага ёки лизингга беришдаги фирибгарлик жиноятларининг олди олинади, ижара ёки лизингга олувчиларнинг мулк ҳуқуқлари кафолатлари таъминланади.

Фракция аъзолари янги меъёрлар партия дастурий мақсадлари ва электорати манфаатларига хизмат қилишини таъкидлаб, айрим фикр-мулоҳазалар билдирган ҳолда, қонун лойиҳасини маъқуллашди.

Йиғилишда “Маъмурий жарималарни ижро этиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди.

Амалдаги қонунга кўра, Мажбурий ижро бюросининг исталган “ижрочи” мақомидаги ҳодими маъмурий жазога тортиш ваколати борлиги аҳоли орасида айрим норозиликлар келиб чиқишига сабаб бўлаётган эди. Шунингдек, Мажбурий ижро бюроси томонидан қўлланиладиган маъмурий жарима миқдори ундирилиши лозим бўлган суммага нисбатан номутаносиб равишда бир неча карра юқори белгиланиши мумкин. Бу эса аҳолининг иқтисодий ҳолатини оғирлаштириши табиий.

Мазкур қонун лойиҳаси билан қўлланиладиган жариманинг миқдори ижро ҳужжатида ундирилиши белгиланган суммадан юқори бўлиш мумкин эмаслиги назарда тутилмоқда.

Қонун лойиҳаси Халқ демократик партиясининг ҳуқуқлар ва имкониятлар тенглиги, ижтимоий адолат ғояларига мослиги алоҳида таъкидланди. Жарималар миқдори аҳолининг реал даромадларига мувофиқ бўлиши муҳим аҳамиятга эга экани қайд этилиб, ушбу ҳужжат лойиҳаси депутатлар томонидан маъқулланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер