Жанубий Кореянинг етакчи университети Сирдарёда ўз филиалини очади
Жанубий Кореянинг “Sun moon“ университети президенти Сон Же Мун бошчилигидаги делегация Сирдарё вилоятига келди.
Меҳмонлар ва вилоят ҳокими Акмалжон Маҳмудалиев ўртасида ўтказилган мулоқотда 2023 йил декабрь ойида вилоят вакилларининг мазкур нуфузли университетда бўлиши ва унинг фаолияти билан танишиши ўз самарасини берганлиги таъкидланди. Хусусан, Сон Же Мун Сирдарёда университетнинг филиалини ташкил этиш таклифини билдирди.
Гулистон шаҳрида очилиши мўлжалланаётган таълим муассасасида дастлаб IТ ва сунъий интеллект технологияларига асосланган бешта долзарб йўналишларда ўқитиш йўлга қўйилади. Яна бир аҳамиятли жиҳати шуки, университет филиалини саноат тармоқларига тайёр мутахассисларни тайёрловчи таълим кластерига айлантириш кўзда тутилган. Бунинг учун таълим жараёнлари ишлаб чиқариш билан тўлиқ интеграция қилинади.
Мулоқот якунида билдирилган таклифлар бўйича амалий ишларни давом эттиришга келишилди ва ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Аҳмадали ШEРНАЗАРОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг