Жамшид Ходжаев Туркия Республикаси Давлат уй-жой бошқармаси раҳбари Омер Булут билан учрашди

17:00 14 Декабрь 2022 Сиёсат
1164 0

Фото: Халқ сўзи

Жорий йилнинг 14 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев Инвестициялар ва ташқи ишлар вазирлигида Туркия Республикаси Давлат уй-жой бошқармаси (ТОКИ) раҳбари Омер Булут билан учрашди.

Учрашувда Ўзбекистон томони Туркия аҳолиси учун арзон ижтимоий уй-жойлар қуриш бўйича ТОКИ фаолиятини юқори баҳолади ҳамда илғор турк технологиялари ва тажрибасидан фойдаланган ҳолда уй-жой қурилиши соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйишга қизиқиш билдирди.

Ўз навбатида Омер Булут Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, инвесторлар учун яратилган қулай шарт-шароитларни алоҳида таъкидлаб, қўшма истиқболли лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш, техник ва маслаҳат ёрдами кўрсатиш, шу жумладан, кейинги 5 йил учун «Ижтимоий уйлар яратиш стратегияси»ни ишлаб чиқишга кўмаклашиш доирасида ҳамкорликни давом эттиришга тайёрлигини билдирди.

Мулоқот якунлари бўйича томонлар арзон ижтимоий уй-жойлар қуриш бўйича Туркия тажрибасидан фойдаланган ҳолда келгуси ҳамкорликнинг ташкилий жиҳатларини ишлаб чиқиш бўйича қўшма ишчи гуруҳ тузишга келишдилар.

Маълумот учун: Туркия давлат уй-жой бошқармаси 1984 йилда ташкил этилган. Унинг асосий мақсади кам ва ўрта даромадли фуқароларнинг уй-жойга бўлган эҳтиёжини таъминлашдан иборат. Сўнгги 20 йил давомида Туркия Республикасида бошқарма томонидан 1,1 миллион турар-жой биноси, 1395 мактаб, 20 университет, 997 спорт мажмуаси, 44 кутубхона қурилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер