“Жамбул“ қачон сувга ёлчийди?

19:54 28 Октябр 2018 Жамият
2081 0
Иллюстратив фото

Таҳририятимизга Тошкент вилояти, Қибрай тумани “Жамбул“ маҳалласининг бир гуруҳ фуқаролари номидан ариза келиб тушди. Унда маҳаллий аҳоли ичимлик суви танқислиги муаммосидан азият чекаётгани қоғозга туширилган. Мурожаатни ўқир эканмиз, бундай муаммо мамлакатимизнинг сув танқис бўлган бошқа ҳудудларида эмас, айнан нисбатан сув сероб бўлган пойтахтга яқин ҳудудда эканлиги таажжубимизга сабаб бўлди. Умид қиламиз, мутасаддилар бу муаммога ижобий ечим топишади.

Мурожаат қандай бўлса шундайлигича эътиборингизга ҳавола этамиз.

“Сувга қачон ёлчиймиз?
Ўтган жума куни Қибрай шаҳарчасида ярим кундан ортиқ ичимлик сув таъминотида узилиш рўй берди. Бу анчагина ноқулайликларни келтириб чиқарди. Ўнлаб одамлар юқори идораларга арзи дод қилишди. Ҳар тугул муаммо шу куннинг ўзидаёқ ҳал бўлди. Бироқ бизнинг арзимизга йигирма беш йилдан бери ҳеч ким қулоқ солмаяпти, десак, ишонасизми? Айниқса, кейинги икки-уч йил орасида сувга умуман ёлчимай қолдик. Туман “Сувоқава” корхонаси раҳбарларига бу ҳақда гапиравериб, чарчадик.

Икки йил бурун порталга мурожаат қилганимиздан сўнг бир кунда бир соат сув бериб келишаётган эди. Аммо жўмракдан оқаётган сувни кўриб, рости ижирғанасиз. Ранги ариқдаги сувдан ҳам лойқа. Аҳоли крандаги сувни ичгандан кўра ариқдаги сувни ичган маъқул, деб ҳали-ҳануз оқар сувдан фойдаланиб келмоқда.

Мана, куз ҳам якунланиб бормоқда. Биз учун ягона обиҳаёт манбаи бўлган ариқлардаги сувлар ҳам қуриб қолди. Энди челак кўтариб қаёққа боришни билмаймиз. Крандаги ўша лойқа сув ҳам бир кун оқса, 10 кун қуруқ ҳуштак чалиб туради. Иложсизликдан, одамлар зах сувлари тўпланадиган зовурдан сув олиб, ичишга мажбур бўлишмоқда. Туман СЭС ходимларига бу ҳақда арз қилсак, йилда бир марта келиб, ҳаммаси жойида экан, мана бу дафтарга қўл қўйиб беринглар, деб кетишади, холос.

Ҳайронмиз, бу ҳолат қачонгача давом этар экан? Қилган шикоятларимиз ҳам, матбуотдаги чиқишларимиз ҳам фойдасиз бўлмоқда. XXI асрда Тошкент вилояти Қибрай тумани “Жамбул” маҳалласида ичимлик суви йўқ десангиз ҳеч ким ишонмаслиги мумкин. Аммо, ҳақиқатда аҳвол шундай.
“Жамбул” маҳалласи аҳоли номидан
Замира ЗИЯБЕКОВА,
Махамбет ЖУМАБАЕВ,
Мадина КАСИМОВА,
Манапай ДАВЛАТЯРОВА“.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер