“Жалолиддин Мангуберди” сериалида асосий ролларни туркиялик актёрлар ижро этади

07:49 11 Март 2020 Маданият
13921 0

Жалолиддин Мангуберди сериали 26 қисмдан иборат бўлиши ҳақида хабар бергандик. Сериал ҳужжатли фильм эмас, балки бадиий фильм тарзида ишланади. 
Шу бўйича ўтказилган учрашувда ушбу сериалда бош роллар туркиялик актёрлар томонидан ижро этилиши, ўзбекистонлик актёрлар эса қўшимча эпизодларда кўриниш бериши маълум қилинди.

Бунда ҳолатга сериал бош маслаҳатчиси Бобохон Муҳаммад Шариф изоҳ берди. Унинг таъкидлашича, ўзбек актёрлари орасида истеъдодлилари бор бўлса-да, аммо ҳали кино соҳамиз бунга тайёр эмас, қолаверса, баъзи саҳна кўринишларига ишлов беришда етарли тажрибага эга эмас.

“Aввало, нима учун бу фильм керак бўлиб қолди, деган саволга жавоб бериш зарур, — деди у. — Жалолиддин Мангуберди ким эди? Буни фильм қилишдан халққа нима берамиз?

Бу инсон – бутун жаҳонга машҳур шахс. У ватанпарвар. Чингизхон ҳукмдор бўлиш учун курашган бўлса, Жалолиддин ватанини ҳимоя қилиш учун курашган.

130 йил давомида босқинчилар зулми остида яшаганмиз. Миллий ғуруримиз топталган. Бу фильм орқали биз ўша ватанпарварлик руҳини қайтармоқчимиз“.

Тадбирда маданият вазири Озодбек Назарбеков ҳам иштирок этди.

“Aлбатта, бу ишнинг ҳам ўзига яраша масъулияти бор, — деди у журналистларнинг саволларига жавоб берар экан. — Aсосий мақсад –нафақат халқимиз онгида, балки жаҳон ҳамжамиятига Султон Жалолиддин Мангуберди қиёфасини намойиш этиш.

Ташкилий масалалар аллақачон ҳал бўлган. Лекин бир масала бизларни ўйлантирмоқда. Кўпгина олим ва адабиётшунослар билан маслаҳатлашиб кўрдим. Уларнинг кўпчилиги фақатгина шаклга эътибор қаратиш учун ҳаракат қилишаётгандек, назаримда. Мақсад бу эмас. Нега деганда, биз бугун саҳналаштирмоқчи бўлган ушбу фильм XIII аср кишиси учун яратилмайди. У бугунги томошабин қарашига мос бўлиши зарур.

Кўплар сценарийни кўрмасдан, олдимизга қандай мақсадни қўйганимизни билмасдан туриб, ҳар хил иғво гапларни қилиб юрибди. Бизни ҳеч ким четдан туриб танқид қилмайди, қилолмайди ҳам. Ўзимизни ўзимиз емирамиз, бу эса ёмон. Бир-биримизга кўмак бўлишимиз лозим”.

Юлдуз ЎРМОНОВА(“Халқ сўзи“)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер