Жаҳон чемпионати баҳслари қизғин курашлар остида ўтмоқда

16:07 27 Декабрь 2023 Жамият
495 0

Фото: "Халқ сўзи"

Бугун Самарқанд шаҳри мезбонлик қилаётган шахматнинг рапид ва блиц йўналишлари бўйича жаҳон чемпионатининг иккинчи куни баҳслари ўтказилади.

Умумий мукофот жамғармаси 1 миллион АҚШ долларини ташкил қилувчи мусобақанинг иккинчи куни эркаклар ўртасида 4 та тур учрашувлари ўтказилади. Амалдаги жаҳон чемпиони Магнус Карлсен кечаги кун натижаларига кўра 5 имкониятдан 4,5 очко жамғариб, турнир жадвалида қўшимча кўрсаткичларга кўра пешқадамлик қилмоқда.

Ҳиндистонлик Аржун Эргаиси, Видит Сантош, хитойлик Ю Янг Йи ва болгариялик Иван Чепаринов ҳисобида ҳам 4,5 тадан очко бор. Бугун 6-турда Магнус Карлсен биринчи доскада қора доналарда Видитга қарши баҳс олиб боради. Иккинчи доскада Аржун ва Ю Янг Йи беллашади.

Ҳамюртларимиз орасидан ҳозирча энг яхши натижага Нодирбек Якуббоев эга бўлиб турибди. У 3,5 очко билан қўшимча коэффицентларга кўра 31-поғонадан жой олган. Бугун Якуббоев 6-турни оқ доналарда ҳиндистонлик Ниҳал Саринга қарши ўтказади. Беш имкониятдан 3 очко тўплаган Нодирбек Абдусатторов 6-турда қора доналарда бельгиялик Даниэль Дарда билан беллашади.

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер