Зеленский Европа Иттифоқи раҳбарларини Европага нисбатан ишончга "хиёнат қилмасликка" чақирди
Зеленский бу ҳақда Украинанинг Европа Иттифоқига аъзо бўлиши ва унга 50 миллиард евро ажратиш масаласи кўриб чиқилаётган саммитда видеоконференция орқали қилган нутқида айтди.
"Бу кун тарихда қолади. Биз учун яхши ёки ёмон бўладими, тарихда ҳаммаси қайд этилади. Ҳар бир сўз, ҳар бир қадам, ҳар бир ҳаракат ва ҳаракатсизлик. Ким нима учун курашгани. Европа қатъиятсизликка тушиб қолмаслиги жуда муҳим. Бугун ҳеч ким Европани ишончсиз ёки ўзи тайёрлаган қарорларни қабул қилишга қодир эмас деб ҳисобланишини истамайди", — дея Зеленскийнинг сўзларидан иқтибос келтиради Тhe Guardian.
Унинг фикрича, Украина Евроиттифоққа аъзо бўлиш учун зарур шартларни бажарган.
"Биз ваъда қилинган ечим ҳақида гапираяпмиз. Мен ҳеч қандай қарши далилларни эшитмадим, нега биз бутун Европа келишиб олган режани амалга оширмаймиз? Ўтган йили Украина қандай қилиб олдинга ҳаракат қилиш бўйича аниқ тавсиялар олди. Асосий қонунлар қабул қилинди. Ҳаммангиз биз барча мажбуриятларни бажарганимизни яхши биласиз", — дея таъкидлади Украина Президенти.
У Европани ўз ваъдаларини бажаришга чақирди.
"Бугун сиздан бир нарсани сўрайман, халққа ва уларнинг Европага ишончига хиёнат қилманг. Агар Европага ҳеч ким ишонмаса, Иттифоқнинг омон қолишига нима ёрдам беради? Агар Москва Брюсселдан Украинага нисбатан салбий муносабатга ишора олса, бундан Европадагилар ҳеч қандай фойда кўрмайди. Украина билан боғлиқ вазиятдан Путин, эҳтимол, шахсан сизга ва бутун Европага қарши фойдаланади. Унга ушбу йилдаги биринчи ва ягона ғалабасини қозонишига имкон берманг. Европа ғалаба қозониши керак, келишувлар ҳурмат қилиниши керак, ва сўзлар аҳамиятли бўлиши керак", — дея қўшимча қилди Зеленский.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг