Зеленский 16 феврални «Украина бирлиги куни» деб эълон қилди
Фото: Архив сурат
Украина президенти Владимир Зеленский 16 феврални «Бирлик куни» деб эълон қилди. Бу ҳақда у халққа мурожаатида гапирди.
Давлат раҳбари «Украина жамиятини мустаҳкамлаш бўйича шошилинч чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонни имзолаган бўлиб, унда 16 февраль куни бутун мамлакат бўйлаб уйлар ва биноларда давлат байроғини кўтариш ва давлат мадҳияси янграшини айтди.
«Бизга айтилишича, 16 февраль ҳужум куни бўлади. Биз буни бирлик куни қиламиз. Тегишли фармон аллақачон имзоланган. Шу куни биз давлат байроқларини илиб, кўк ва сариқ ленталарни тақиб, бирдамлигимизни бутун дунёга кўрсатамиз», — деди Зеленский.
Президент, шунингдек, хорижий дипломатик муассасаларга мезбон давлатларда Украинани бирлаштириш ва қўллаб-қувватлашга қаратилган тадбирлар ўтказиш бўйича топшириқ берди.
Зеленский ўз мурожаатида Украина «урушдан қўрқаётганини», бироқ у барча муаммоларни дипломатия йўли билан ҳал қилишни режалаштираётганини таъкидлади. Шу билан бирга, давлат раҳбари Украина армиясига юқори баҳо бериб, у энди аввалгидек эмаслигини таъкидлади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг