Зарафшонда Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети факультетининг янги биноси фойдаланишга топширилди

21:38 12 Февраль 2026 Жамият
534 0

Зарафшон шаҳрида Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети Зарафшон факультети янги биносининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Мазкур факультет «Навоий кон-металлургия комбинати» АЖ ҳамда «Навоийуран» ДКнинг Учқудуқ ва Томди туманлари, шунингдек, Зарафшон шаҳри ҳудудларидаги таркибий тузилмаларини юқори малакали мутахассислар билан таъминлаш мақсадида ташкил этилган.

— Бугунги кунда ушбу масканда 500 нафардан ортиқ талаба таҳсил олмоқда, — дейди Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети проректори Насиба Ашурова. — Бу, аввало, вилоятимизнинг шимолий ҳудудларида истиқомат қилаётган аҳоли учун ўз яшаш жойига яқин ҳудудда олий таълим олиш имконини яратади. Шу билан бирга, назария ва ишлаб чиқариш жараёнлари ўртасидаги узвийликни таъминлашга хизмат қилади.

Тадбир иштирокчилари факультет биносида яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишиб, талаба-ёшлар билан мулоқот қилди.

Факультет таркибида айни пайтда «Металлургия», «Кончилик электр-механикаси» ҳамда «Кончилик иши» кафедралари фаолият юритмоқда. Ҳар бир кафедра учун замонавий маъруза ва тажриба-амалиёт хоналари ташкил этилган. Келгусида муассаса фаолиятини янада кенгайтириш, магистратура мутахассисликларини ҳам шу ерда йўлга қўйиш режалаштирилган.

Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер