Зарафшонда архив идорасининг 40 йиллик муаммоси барҳам топди

11:50 25 Октябр 2022 Жамият
659 0

Фото: Халқ сўзи

Мамлакатимиз харитасида Зарафшон шаҳри пайдо бўлганидан беш йил ўтиб, шаҳар давлат архивига асос солинган эди. Қирқ йил ушбу идора ижарада туриб фаолият кўрсатди. Табиийки, мослаштирилган бинода ҳужжатларни сақлашнинг ўзи бўлмайди.

Президентимизнинг 2019 йил 20 сентябрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси «Ўзархив» агентлиги фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори билан мамлакатимизда архив иши ва иш юритиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш, давлат архивларини бошқариш ва уларнинг самарали иш олиб боришини таъминлаш, архив хизматларини кўрсатишда нодавлат секторни янада ривожлантириш каби муҳим вазифалар билан бир қаторда давлат архивларининг моддий-техник базасини такомиллаштириш, янги бинолар қуришнинг 2020 – 2025 йилларга мўлжалланган дастури тасдиқланди.

Шу асосда республикамизда биринчилардан бўлиб “ZARAFSHON GRAND SERVIS” масъулияти чекланган жамияти томонидан умумий қиймати 2,7 миллиард сўм бўлган давлат-хусусий шерикчилик асосида Зарафшон шаҳар давлат архиви биноси қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Бинонинг очилиш тантанасида архивларнинг жамият ҳаётидаги ўрни, юртимизда архив иши соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида сўз борди.

— Мазкур ташкилот Зарафшон шаҳар ва Учқудуқ туманида архив иши ва иш юритиш соҳасида ягона давлат сиёсатини юритади, —  дейди Навоий вилояти архив иши ҳудудий бошқармаси бошлиғи Сайёра Бекова. — Шу кунга қадар ушбу давлат архиви Халқ демократик партиясининг балансида бўлган бинода жойлашиб, тўрт нафар ходим йилига минг-минглаб жисмоний ва юридик шахсларнинг сўрови ижросини таъминларди. Ишга туширилган замонавий бинода идоранинг архив сақловидаги 175 та фонддаги 20 мингга яқин сақлов бирликдаги ҳужжатларни кўз қорачиғидек асраш имкониятлари яратилди. Илгари эса архив ўз биносига эга бўлмагани сабабли 90 минг сақлов бирликдаги ҳужжатлар ташкилотларнинг идоравий архивларида сақлов муддатидан ўтган ҳолда сақланиб келинарди.

Фойдаланишга топширилган янги давлат архиви биноси юз минг сақлов бирликдаги ҳужжатларни сақлаш сиғимига эга бўлиб, ҳар бир ходим учун алоҳида хона, мажлислар зали, кутубхона, тадқиқотчилар учун ишлаш зали, ҳужжатларга илмий-техникавий ишлов бериш хонаси, фуқароларни қабул қилиш ва маълумотларни бериш хоналари ҳам мавжуд. Келажакда бу ерда ҳужжатлар сақлов хоналарига замонавий мобил жавонлар ўрнатиш, бошқа қатор қулайликлар яратиш кўзда тутилган.

Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер