«Зарафшон» миллий табиат боғида бизғалдоқлар суруви қайд этилди
Фото: Халқ сўзи
Самарқанд вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси матбуот хизмати хабарига кўра, бу йилги қиш мавсумида Табиат ресурслари вазирлиги тасарруфидаги «Зарафшон» миллий табиат боғи ҳудудида 53 бошдан иборат бизғалдоқларнинг суруви қайд этилди.
Маълумотларга кўра, бундай ҳолат охирги марта 2008 йилнинг қишида содир бўлган.
Бизғалдоқ ноёб қуш бўлиб, Ўзбекистон Қизил китобига «заиф, қисқариб бораётган учиб ўтувчи тур» мақоми билан киритилган. Халқаро Қизил китобдан ҳам ўрин олган бу турдаги қушлар одатда Ўзбекистон жануби, шунингдек, Fарбий Осиё, Туркманистон, Тожикистон ҳудудларида қишлайди. Уни Шимолий Африка, Жанубий ва Шарқий Европа, Қозоғистон ҳудудларида ҳам учратиш мумкин.

Бизғалдоқлар сони 1960-1970 йилларда кескин қисқарган, айни пайтда эса барқарорлашмоқда. Учиб ўтишда у якка ҳолда, кичик гуруҳларда ўтлар билан қопланган катта очиқ майдонларда учрайди. Улар ҳашаротлар ва ўсимликларнинг яшил новдалари билан озиқланади.
Абдулазиз Йўлдошев, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг