«Занжирбанд шер — енгаман дер»

15:54 07 Февраль 2025 Жамият
532 0

Жаҳон тарихида ҳеч бир шоир Алишер Навоийчалик кўп бинолар қурган, меъмор санъатини шунчалик завқ-шавқ билан улуғлаган эмас. Алишер Навоий ўзининг шахсий даромади ҳисобидан 360 дан кўпроқ турли хилдаги иншоотлар, улардан энг машҳури — Ихлосия мадрасаси, Қудсия масжиди, Халосия хонақоҳи, Шифоия шифохонасини қурдирган. Улуғ шоирнинг бағрикенг бинокор бўлиб етишишида унинг Самарқандда яшаган даврда Улуғбек меъморчилигидан илҳомланган. Самарқанд ҳукмдори Баҳодир Ялангтўш ҳам Алишер Навоий каби меъморий биноларни қуришда шахсий даромадидан пул сарфлаган. Ўз шахсий даромадлари ҳисобидан «Шердор» ва «Тиллакори» мадрасаларини қурдирган.

Баҳодир Ялангтўш «Шердор» мадрасаси пештоқига шерлар (арслонлар) ва кийик тасвирини тушириши катта қаҳрамонлик эди. Чунки ўша даврдаги бидъатчи муллолар инсон ва жониворлар расмини чизмоқликни гуноҳ санаган. Ялангтўш ўзига маънан устоз билган Алишер Навоий ижодига юзланади. Маълумки, ўз даврида ҳазрат Навоий мўйқалам соҳибларига ҳомийлик қилган. Ўзи қурдирган биноларга турли ҳайвонларнинг тасвирларини чиздирган. Бундай журъат Ялангтўш Баҳодирга илҳом берган. У «Шердор» мадрасаси манглайига шерлар ва кийик тасвирини туширган.

Бир куни Алишер Навоий занжирбанд шер сувратини чизадида, тагига ўз дастхати, мурод-мақсади, номаи аъмоли, орзу-армони, бутун ўзлигини икки форсий, уч туркий – жами беш сўзга жамулжаму бир тутам қилиб битади: «Занжирбанд шер — енгаман дер!» Не бахтки, занжирбанд шернинг неча минг йиллик занжирларини Баҳодир Ялангтўш «Шердор» мадрасасида озод тарзда тасвирлайди. Яъни, мадраса суратида Алишер Навоий чизган сюжетни мантиқий тугаллаб қўйган. Шундан кейин бир шер Алишер Навоий, иккинчиси Баҳодир Ялангтўш тимсолига айланади. Иккинчи шерни нега Ялангтўш Баҳодирга менгзадик? Бу мадраса аслида «Баҳодир Ялангтўш» деб аталиб, бу ном абжад ҳисобида унинг қурилиш йили – 1619 ни англатади. Самарқанд ҳокими ўз номи «Ялангтўш Баҳодир» деб аталадиган мадрасанинг «Шердор» деб аталишига қарши бўлмаган. Унинг ўзи шерларнинг бири сифатида мадраса юзида акс этган.

Алишер Навоий «қўш услуб» деган меъморий ансамблнинг ижодкори саналади. У Сарипулда Инжил анҳори ёнида ҳашаматли «Ихлосия» мадрасаси ва унга юзланиб турган бағоят кўркам «Халосия» хонақосини қурдиради. Регистондаги Улуғбек мадрасаси ва унга қараб тикланган «Шер дор» мадрасаси ҳам шу услубда қурилган. Баҳодир Ялангтўш Регистон ансамблини тиклашда ҳазрат Алишер Навоийнинг меъморчилик услубидан фойдаланган. Бу услубдан кейинчалик «Тожмаҳал» ва унинг қаршисида бино тикламоқчи бўлган Ҳиндистон ҳукмдори Шоҳжаҳон ҳам фойдаланган.

Эркин МУСУРМОНОВ,

Филология фанлари доктори, профессор.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер