Зангиотадаги шифохонада қанча бемор даволанаётгани ҳақида маълумот берилди

19:37 27 Июнь 2021 Жамият
1042 0

“COVID-19» инфекциясининг ҳудудлар кесимида қайд этилиши, хусусан, пойтахтимиз аҳолиси орасида кўпроқ кузатилаётгани сабабли охирги 10-15 кун ичида Зангиота туманидаги юқумли касалликлар шифохонасига беморлар мурожаатлари нисбатан кўпайди.Марказ директори Анвар ҲУСАНОВ бир неча саволларга жавоб берди.

— Зангиота туманидаги 1-сон юқумли касалликлар шифохонаси неча ўринга мўлжалланган ва айни пайтда марказда қанча бемор даволанмоқда?

— Маълумки, бундан салкам бир йил аввал юртимизда коронавирусга қарши курашиш чоралари доирасида ушбу инфекцияга чалинган беморларни даволаш учун Тошкент вилоятининг Зангиота туманида 2 та махсус тиббиёт мажмуаси фойдаланишга топширилган эди.

Айтиш лозимки, ўтган қисқа вақт давомида мазкур тиббиёт муассасалари халқимиз саломатлигини асраш, хусусан, “COVID-19»га чалинган оғир аҳволдаги беморларни даволаш, уларга тезкор ва сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш, бу орқали инфекциянинг аҳоли орасида кенг тарқалиб кетишига йўл қўймаслик бўйича юртимиздаги асосий шифо масканларига айланди.

Афсуски, сўнгги кунларда мамлакатимиз, хусусан, пойтахтимиздаги эпидемиологик вазиятнинг бироз мураккаблашиши Зангиота туманидаги 1-сон юқумли касалликлар шифохонаси фаолиятига ҳам таъсир этмай қолмади. Айниқса, охирги икки ҳафта давомида тиббиёт муассасамизга мурожаат қилувчи беморлар сони кескин ортгани, биз шифокорларни жиддий ташвишга солмоқда.

Хусусан, айни пайтда 2016 та ўринга эга бўлган шифохонада 1400 нафардан ортиқ бемор белгиланган стандартлар бўйича даволанмоқда.

— Шифохонада нечта реанимация бўлими бор ва уларда қанча бўш жой мавжуд?

— Шифохонамизда 6 та реанимация бўлими бор ва уларда 232 та ўрин ташкил қилинган.

Ҳозирги кунда ушбу реанимация бўлимларида 203 нафар бемор белгиланган стандартлар бўйича даволанмоқда. Бўш ўринлар сони эса 29 тани ташкил этмоқда.

Реанимация бўлимидаги ҳар бир койка сунъий ўпка вентиляцияси ва замонавий даволаш аппаратлари билан жиҳозланган. Шу билан бирга, ҳар бир бўлимда санитар ўтказгич ташкил қилинган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер