Замонавий тикув машиналарини бемалол бошқаряпман — Нодира Саидмўминова
Фото: "Халқ сўзи"
Касби туманида яшовчи Нодира Саидмўминова бундан бир неча ой аввал ишсиз, даромадсиз эди. Бугун эса катта жамоа меҳнат қилиб, пешона тери билан оиласи бюджетига муносиб ҳисса қўшмоқда.
— Ёшлигимда институтда ўқиш имконияти бўлмаган, — дейди Нодира. — Шу боис ўзимга муносиб иш топишда қийинчиликларга учрадим. Турмушга чиққач, бир муддат уй-рўзғор ишлари билан андармон бўлдим, лекин барибир аёл кишининг рўзғорга қўшимча даромад олиб келгиси, ўз имкониятларини юзага чиқаргиси келади. Бунинг учун эса бирор-бир доимий фаолият билан шуғулланиши лозим.
Шу жиҳатдан олганда жорий йилда туман марказида “Naxshab Tex Group” масъулияти чекланган жамияти томонидан замонавий тикувчилик корхонасининг ишга туширилиши Нодира Саидмўминова учун ҳам айни муддао бўлди.

— Туманимизда янги тикувчилик корхонаси очилгани, чевар хотин-қизларни ишга қабул қилаётганини эшитиб, дарҳол маҳаллага мурожаат қилдим ва уларнинг тавсияси асосида ишга қабул қилиндим. — дейди у. —Ёшлигимдан тикувчиликка қизиқишим борлиги қўл келди. Замонавий тикув машиналарини бемалол бошқараяпман.
Ҳа, бугун Нодира Саидмўминова ва чевар ҳамкасблари замонавий корхонада меҳнат қилишмоқда. Улар тиккан турли кийим-кечаклар эса дунё бозорида ўз ўрнига эга.
Таъкидлаб ўтиш жоиз, “Naxshab Tex Group” корхонаси жорий йилда нафақат Касби тумани, балки вилоят тўқимачилик саноатида амалга оширилган йирик лойиҳалардан саналади.

Умумий қиймати 22,3 миллиард сўмни ташкил этган ушбу корхонада энг замонавий технологиялар асосида йилига қарийб 5,5 миллион дона эркаклар, аёллар ва болалар кийим-кечаклари тайёрлаш имконияти мавжуд. Бунинг самараси ўлароқ ҳудуддаги 500 нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланган.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг