Замонавий медиа муҳитда ахборотнинг ишончлилиги қанчалик муҳим?

15:42 10 Июнь 2023 Жамият
926 0

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ҳузуридаги Медиа ва коммуникациялар ИТИ, "Янги медиа таълим маркази" ННТ билан ҳамкорликда "Замонавий медиа муҳитда ахборотнинг ишончлилиги,медиа билан хавфсиз мулоқот ва медиасаводхонликни тарғиб қилиш масалалари" мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Унда вазирлик ва идораларнинг матбуот хизмати вакиллари, медиа экспертлар, тадқиқотчилар, соҳа мутахассислари, ОАВ вақиллари иштирок этди.

Мулоқот давомида глобал ва миллий сегментда тарқатилаётган ахборотларни фильтрлаш, нохолис, асосланмаган янгиликлар, дезинформациялар ва фейк хабарлар, тарғиботлар, сунъий хайплар, ижтимоий тармоқларда юзага келаётган инфолюциялар ҳақида хабардорликни ошириш, шу ўринда медисаводхонликни оммалаштириш орқали ушбу долзарб муаммоларга ечим излаш масалалари кенг муҳокама қилинди.

Давра суҳбати давомида медиасаводхонликни тарғиб қилиш борасида Адлия тажрибаси ҳақида маълумотлар берилди.

— Кўпчиликка маълумки, Адлия вазирлигининг асосий вазифаларидан бири аҳолининг ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятини ошириш ҳисобланади, — дейди Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими раҳбари Севара Ўринбоева. — Шундан келиб чиққан ҳолда, вазирлик аҳолининг шу жумладан ОАВ вакилларининг ҳам медиасаводхонлигини ошириш борасида бир қатор ишларни амалга ошириб келмоқда.

Жумладан, “Медиасаводхонлик ва fake news: ҳуқуқ ва масъулият чегараси”, “Ислоҳотлар даврида оммавий ахборот воситалари: ахборот трансформацияси ва касб этикаси муаммолари”, "Рақамлаштириш даврида медиа ва фейк хабарлар: ҳуқуқий ва ахлоқий омиллар" номли қўлланмалар тайёрланиб кенг жамоатчиликка тақдим этилди.

Бундан ташқари, журналистларнинг ҳуқуқий ахборотлар билан ишлаш кўрикмаларини ошириш мақсадида вазирлик томонидан қатор ўқув курслари ва семинар тренинглари, шу билан бирга, фуқароларнинг ҳуқуқий онг ва маданиятини ошириш, уларга холис ахборот етказиш борасида фаол бўлган журналист ва блогерларни доим қўллаб-қувватлаган ҳолда турли танловларни ҳам ташкил этиб келмоқда.

Қизғин баҳс-мунозараларга бой тарзда ўтган тадбирда замонавий медиа муҳитда ахборотнинг ишончлилиги, шунингдек, медиа билан хавфсиз мулоқот ва медиасаводхонликни тарғиб қилиш масалалари бўйича ўзаро тажрибалар алмашилди.

Диёра САИДОВА,

ЎзДЖТУ талабаси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер