Юртимизда қанча гулқоғоз ишлаб чиқарилади?
Мамлакатимизда маҳаллийлаштириш дастури бўйича импорт ўрнини босувчи қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга алоҳида эътибор қаратилган. Юртимизда йилдан-йилга талаби ортиб бораётган пардозбоп гулқоғозлар ишлаб чиқариш, ушбу йўналишда хорижий инвесторлар иштирокини таъминлаш бўйича қандай ишлар амалга оширилмоқда? Ушбу маҳсулот ички эҳтиёжни тўлиқ қондира оладими? “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмасидан олинган маълумотларга кўра, 2020-2021 йилларда гулқоғозлар бўйича умумий қиймати 16 млн. 300 минг доллар бўлган 3 та лойиҳа ишга туширилиши режалаштирилган. Натижада гулқоғозларга бўлган ички талаб тўла қондирилади, яъни ишлаб чиқариш қуввати 6 млн. 600 минг рулонга етказилади.
Умуман олганда, мазкур йўналишда янги корхоналар ташкил этилаётгани диққатга сазовор. Жумладан, 2019 йилда республикамизда дастлабки пардозбоп гулқоғозлар ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган “Pergament Quаlity Exclusive” МЧЖда йил давомида 550 минг ўрам бўлган, 68,8 млрд. сўмлик гулқоғоз тайёрланган. Эътиборлиси, шундан 1,9 миллион долларлик маҳсулот қўшни давлатларга экспорт қилинган.
Шунингдек, жорий йилда “NEW BEST STYLE” МЧЖ тўлиқ қувват билан ишга туширилади. Шунда бу ерда 6 млрд. 830 млн. сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилади.
Маълумот учун, Ғарбий Европа мамлакатлари, АҚШ ва Канадада гулқоғоз ўрнига кўпроқ декоратив штукатурка ёки пластмассадан кўпроқ фойдаланилади. Қоғоздан бўлган деворбоп гулқоғоз энг кўп МДҲ давлатлари ва Шарқий Европада пардозлаш жараёнида ишлатилади. Япония, Хитой, Корея ва Шарқий Осиёнинг бошқа мамлакатларида нафақат қоғоз, балки тўқилган пардозбоп қурилиш материаллари ҳам анча оммабоп.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг