Юртимизда аномал совуқ: хотиржам бўлиш учун асос етарлими?

16:02 10 Январь 2023 Жамият
1199 0

Фото: Халқ сўзи

Шу кунларда юртимиз бўйлаб аномал совуқ ҳукм сурмоқда. Қиш мавсумига хос бундай шароитда халқимиз хотиржам бўлиши учун мутасадди идоралар томонидан тайёргарлик ишлари қай даражада ташкил этилган?

Мухбиримиз Фарғона вилоятидаги ҳолатни ўрганиш мақсадида тегишли соҳа масъуллари билан учрашди.

— Аномал совуқ кунлари олдидан мунтазам равишда ўрганиш ишлари олиб борилиб, бу ҳақида аҳолига керакли маълумотлар тўлиқ етказилди, — дейди Фарғона вилояти гидрометеорология бошқармаси мутахассиси Абдухолиқ Тешабоев. — Айни кунларда мутахассисларимиз об-ҳаводаги ҳар бир кутилаётган ўзгариш жараёнини илмий ёндашувлар асосида кузатиб бормоқда. Зарурий тавсия ва хулосалар барча мутасадди идораларга ўз вақтида етказиляпти.

Аввалдан кутилганидек, 10 январь куни эрта тонгдан Фарғона вилоятининг аксарият ҳудудларида ёғингарчилик, шамол кузатилиб, об-ҳаводаги бундай ноқулайликлар ҳамон сақланиб қолмоқда. Шу кунларда Фарғона водийсида кечалари -5, -10, кундузи -2, -5 градусгача совуқ бўлиши кутиляпти. Ҳафтанинг иккинчи ярмида ҳаво ҳарорати кундузи -6, кечқурун -10, -12 градусгача пасайиши, кучли қор ёғиши, шамолнинг тезлиги айрим жойларда 18-23 метр секундгача етиши мумкин.

Табиийки, бу ҳолатда аҳолини биринчи галда иссиқлик ва электр энергияси таъминоти ташвишлантиради. Коммунал соҳа мутасаддиларининг маълум қилишича, айни кунларда Фарғона вилоятида электр таъминоти барқарорлигини сақлаш мақсадида 74 та туну кун ишлайдиган бригада фаолияти шакллантирилди. Мутахассислар, техника воситалари жалб этилиб, авария ҳолатларида тезкор чоралар кўриш учун трансформаторлар, темир бетон таянчлари, кабель симлари захираси яратилди.

Шунингдек, шаҳар-туман газ идораларида 76 та авария-тиклаш гуруҳлари 24/7 режимида ишлаяпти. Вилоятдаги 8 та кўмир омборида 122 минг тонна кўмир захираси яратилиб, яна 20 минг тонна кўмирга буюртма берилди. Аҳолига кунига ўртача 1,5-2 минг тонна кўмир етказилмоқда.

— Йўл ҳаракати хавфсизлиги, техникалар созлигини таъминлаш ҳамда жамоат транспортлари қатнови оралиғи чўзилиб кетмаслиги учун транспорт корхоналари масъулияти кучайтирилди, — дейди Фарғона вилояти транспорт бошқармаси матбуот хизмати раҳбари Бобур Икромов. — Ёқилғи қуйиш шохобчаларида автобуслар учун «яшил йўлаклар» ташкил этилиб, эрталабки 6.00 дан кечки 18.00 гача аҳолига бир маромда транспорт хизмати кўрсатиш чоралари кўриляпти.

Ўз навбатида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан аномал совуқ кунлари болалар, кексалар, сурункали касали бор беморларни эҳтиёт қилиш, мавсумий касалликлардан эҳтиёт бўлиш, дармондориларга бой табиий маҳсулотларни истеъмол қилиш каби муҳим йўналишларда кенг кўламли тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилмоқда.

 

Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер