Юракда ифтихор уйғотган байрам

16:07 14 Январь 2019 Жамият
1722 0

Фото: «Халқ сўзи»

Фарғона вилоятида байрам тантаналари “Ҳарбий ватанпарварлик ойлиги”га ҳамоҳанг тарзда 180 нафар ҳарбий хизматчиларга янги хонадон калитлари топширилишидан бошланди. 13 январь якшанба кунида эса Фарғона туманидаги ҳарбий амалиётлар ўташ майдонида ҳарбий қурол аслаҳалар ва замонавий техникалар 20 мингдан зиёд фарғоналик ёшлар ва кенг халқ вакилларига намойиш этилди. Мотамсаро она ҳайкали пойига гуллар қўйиш маросимидан сўнг Шарқий ҳарбий округ маънавият ва маърифат марказида 14 январь – Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди

Унда сенатор ва депутатлар, Шарқий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги ва унга қарашли ҳарбий қисмлар, вилоят ички ишлар идоралари, прокуратура органлари, давлат хавфсизлик хизмати, вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси, бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, корхона, ташкилот, бўлим ва бошқармалар раҳбарлари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Ҳарбий оркестр садолари остида Давлатимиз байроғи олиб кирилди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат Мадҳияси янгради.

Тадбирнинг очилиш маросимида таъкидландики, давлатимизнинг мудофаа қудратини янада юксалтириш, ­миллий хавфсизликни ва давлат чегаралари дахлсизлигини таъминлаш ­ишига қўшаётган катта ҳиссаси, миллий манфаатларимизни ҳимоя қилиш ҳамда тинчлик, ­барқарорлик ва жамоат тартибини таъминлаш борасидаги хизмат бурчини бажариш чоғида ­мардлик, жасорат ва фидойилик кўрсатгани учун Ватанимизнинг юксак орден ва медаллари билан мукофотланганлар сафида фарғоналикларнинг ҳам борлиги янада қувонарлидир.

Тантанали тадбирда уларга давлат мукофотлари – орден ва медалларни Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари Павел Эргашев тантанали равишда топширди.

— Бу галги байрам мен учун унутилмас бўлиб қолади. Фаолиятим муҳтарам Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев томонидан юксак давлат мукофотига лойиқ топилгани зиммамдаги масъулиятни янада оширди, — дейди, “Жасорат” медали соҳиби Анвар Сатторов. — 19 йиллик фаолиятим давомида биз, ҳарбийларга яратилаётган шарт-шароитларга гувоҳ бўлиб турибман. Бу унвонни барча ҳамкасбларимга, ҳаво десантчилари бригадасида хизмат олиб бораётган сафдошларимга билдирилган ишонч, деб биламан.

Тадбирда Мудофаа вазирлигининг буйруғи билан бир гуруҳ соҳа вакилларига ҳарбий унвонлар, кўкрак нишонлари топширилди. Вазирлик миқёсида ўтказилган турли кўрик-танлов ғолиблари тақдирланди.

Тадбирда санъат усталари, турли ансамбллар, таниқли хонандалар томонидан ҳарбий-ватанпарварлик руҳидаги қўшиқлар янгради. Дилтортар тароналар барчани рақсга чорлади.

Қутлуғ байрам Фарғона шаҳридаги “Файз” тантаналар мажмуасида ташкил этилган тўкин дастурхон атрофида якунига етди.

Элёржон ЭҲСОНОВ, “Халқ сўзи” мухбири.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер