«Юрак, сенсан менинг созим...»
Фото: Халқ сўзи
Бухоро вилояти Ғиждувон туманида оташин шоир Усмон Носир хотирасига бағишланган «Нахшон» адабий анжумани ўтказилди
Ўтган асрнинг 30 йиллари ҳақида сўз кетганида, кўз ўнгимизда беихтиёр халқимизнинг қатағонга учраган миллатпарвар шоиру ёзувчилари, олимлари, жадидлар кўз ўнгимизга келади. Улардан бири Усмон Носирдир.

18 ёшидаёқ саҳна асарлари яратган, «Сафарбар сатрлар», «Юрак», «Меҳрим» китоблари билан шеърият мухлислари қалбини забт этган, Пушкин ва Лермонтовдан таржималар қилган бу ижодкор ҳақида кўп ва хўп сўзлаш мумкин, албатта .Биз фақат бу ўринда бир далилга эътиборни қаратмоқчимиз. Ўша суронли йилларда шўро тузуми сиёсатининг бош минбари саналган «Правда» газетасида Усмон Носирнинг юксак истеъдод эгаси эканлиги эътироф этилган, унга «На Востоке появилса новый Пушкин» дея таъриф берилган эди.
Аммо, таассуфки, адабиётимиз осмонига чақмоқдай ёриб кирган шоир ҳасад ва иғво қурбони бўлди. Фитрат, Абдулла Қодирий, устози Чўлпон каби туҳматга учраб ҳибсга олинди. Бу пайтда у ҳали 25 ёшнинг нари – берисида эди.Оқибатда Усмон Носир айни ижодий куч- қувватга тўлган даврини «халқ душмани» тамғаси остида совуқ ўлкаларда – Златауск, Владивосток, Магадан, Мариинск қамоқхоналарида ўтказди. 1943 йилда Кемероводаги турмада хасталаниб вафот этди. Ваҳоланки, шоир 1940 йилда «Мен айбсизман!» дея Магадандан Сталинга хат ёзган, аммо 1944 йилнинг охирларига келибгина махсус ҳайъат аризани кўриб чиқиб, уни айбсиз, деб топган эди.

«Нахшон» адабий анжуманида ана шулар ҳақида фикр-мулоҳаза юритилди. Меҳнат фахрийлари, устоз-мураббийлар, ёшлар, бир сўз билан айтганда, адабиёт мухлислари тўпланган тадбирда сўз олган Ғиждувон туман ҳокими Ш. Ашуров, Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим, Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Ғайрат Мажидов, шоир Қўчқор Норқобил, Ёзувчилар уюшмаси Бухоро вилоят бўлими раҳбари Шодмон Сулаймонов ва бошқалар Президентимизнинг «Оташин шоир, таржимон ва драматург Усмон Носир таваллудининг 110 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарорининг аҳамияти, шоир ҳаёти ва ижоди ҳақида атрофлича сўз юритдилар.
Анжуман аввалида эса Ўзбек Миллий академик театри жамоаси томонидан саҳналаштирилган «Усмон Носир» спектаклидан саҳна кўриниши намойиш этилди. Таниқли режиссёр Марат Азимов ва ёш ёзувчи Жавлон Жовлиев ҳамкорлиги маҳсули саналган спектакль томошабинни ҳаяжонга солади, уни истиқлол, инсон, осуда ҳаёт қадру қиммати ҳақида мушоҳада юритишга ундайди. Ғиждувон туман «Мақом» халқ бадиий ҳаваскорлик ансамбли жамоаси ижросида шоирнинг «Юрак» ҳамда «Денгизга» шеърларига куй басталаниб, ижро этилиши ўзига хос янгилик бўлди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан туман ахборот-ресурс марказига 200 та энг сара китоб туҳфа қилинди.
Ғиждувон туман ҳокимлиги ташаббуси билан ташкил этилган анжуман чинакамига адабиёт, маънавият байрамига айланди.
Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг