Юқумли касалликларнинг юртимизга кириб келиш хавфи борми?
Жаҳон ҳайвонлар соғлиги ташкилоти (ЖҲСТ)нинг маълумотига кўра, кейинги бир ярим йил ичида дунёнинг ўнлаб давлатларида куйдирги, майда шохли моллар ўлати, нодуляр дерматит, қутириш, оқсил, чўчқалар ўлати, қўйлар чечаги, патогенли парранда гриппи ва бошқа ўта хавфли касалликлар аниқланган. Республикамиз билан чорвачилик йўналишида савдо алоқалари ўрнатган Афғонистон, Хитой, Озарбайжон, Ҳиндистон, Туркия, Германия, Венгрия, Словакия, Мўғулистон сингари мамлакатларда ҳам эпизоотик ҳолат барқарор эмас.
Ана шундай бир пайтда Россия ва ён қўшнимиз Қозоғистоннинг айрим жойларида чорва моллари касалликлар оқибатида нобуд бўлаётгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда, офатга қарши кескин чоралар кўриляпти ҳам.
Хўш, бундан юртимиз аҳолисининг ташвишга тушишига асос борми? Бу яқин ва олис давлатларда кузатилаётган касалликлари юртимизга кириб келиш хавфи борми?
Шу каби саволлар билан Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси масъулларига мурожаат қилдик.

—Хавотирга ўрин йўқ, республикамиз бўйича ҳайвонларда учрайдиган турли хавфли касалликларга қарши эмлаш ишларига 5 минг нафардан ортиқ мутахассислар жалб этилган, — дейди қўмитанинг Ҳайвонлар саломатлигини ҳимоя қилиш бошқармаси бошлиғи Жаҳонгир Турсагатов. — Эмламалар захираси ва керакли асбоб-ускуналар етарли. Ветеринар врачлар ўзлари хизмат кўрсатаётган маҳалла ва овулдаги ҳар бир хонадонда бўлиб, чорва моллари ва уй ҳайвонларини яна бир карра кўздан кечириб чиқмоқда. Молбозорлар, кушхоналар ва йирик чорвачилик фермалари, яйловлардаги ҳолатлар ҳам ветврачлар назорати остида. Профилактик эмлаш тадбирларини уюшқоқлик билан ўтказиш мақсадида республикамиз бўйича жами 1 200 та ишчи гуруҳ (отряд) ташкил этилган ва улар маҳалла фаоллари, оқсоқоллар билан яқин ҳамкорликда фаолият олиб боришмоқда.
Иссиқ жоннинг иситмаси бўлиши тайин, айниқса, кўклам маҳали. Мутахассисларимиз ана шу жиҳатларни эътибордан қочирмасдан касалликнинг олдини олиш ва тезкор даволаш пайидан бўлишмоқда.
Чегара ҳудудларидаги ҳолат ҳам қатъий назоратимизда. Ҳукуматимиз топшириғига кўра, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Туркманистон, Афғонистон билан жами 6 221 км узунликдаги ветеринария-санитария ҳимоя зоналари ташкил этилган. Бу, ўз навбатида, 82 та тумандаги 8 млн. бошдан ортиқ чорва моллари ва 14 млн. бошга яқин паррандалар доимий ветеринария назоратидан ўтказилмоқда, деганидир. Давлат божхона хизмати ходимлари билан бақамти ишлаётган ветврачларимиз шу йилнинг ўзидаёқ чегара ўтказиш пунктлари орқали республикамизга кириб келган 250 мингдан ортиқ автотранспорт воситаларини дизенфекция қилишди. Бу жараён айни чоғда ҳам узлуксиз давом этмоқда. Мақсад кўзга кўринмас хавфни юртимизга яқин йўлатмасликдир.

Яна рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, жорий йилнинг январь-март ойларида чорва молларининг 1,8 млн. боши куйдиргига, 700 минг боши оқсилга, 100 минг бошдан ортиғи нодуляр дерматитга қарши эмлаб чиқилди. 132 минг бош ит ва мушукларда қутириш касаллигига қарши профилактик эмлаш ҳамда чорва моллари сақланадиган биноларда дезинфекция, дезинсекция ва дератизация тадбирлари амалга оширилди. Муҳими, бирорта ҳайвон назоратдан четда қолмаслиги учун барча чоралар кўрилмоқда ҳамда бу саъй-ҳаракатлар аҳоли ва чорвадорлар ихтиёридаги жониворларнинг касаллик ташувчига айланиб қолмасдан соғлом бўлиши, кўпайиши ва насли янада яхшиланишига туртки бермоқда.
Бугун ўз касбини пухта эгаллаган ветврачлар кўп, уларнинг беминнат хизматидан аҳоли мамнун. Аммо баъзан нўноқ ва дангаса, малакаси етарли бўлмаган ветеринария мутахассислари ҳам учраб туради. Уларнинг айби билан одамлар моли қандай хасталикка чалинганини билмай ортиқча эҳтиросга берилади. Оқибат интернетда турли шов-шувли чиқишлар пайдо бўлмоқда. Биз бундай мурожаатларни ҳам тезкорлик билан ўрганган ҳолда муаммони бартараф этишга интиляпмиз.
Бундан ташқари, тизимда малака ошириш ҳам йўлга қўйилган. Ўтган йил минг нафарга яқин ветврач қўмита ҳузуридаги ветеринария ва чорвачилик соҳасида педагог ва мутахассис кадрларни қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш институтида билим ва кўникмаларини оширди. Жорий йилда бу рақам қарийб икки карра ошади. Бу ҳам давр талабидир. Қолаверса, ҳайвонларда учрайдиган касалликларни даволашнинг янги усуллари яратилмоқда, дори-дармонлар, замонавий ташхислаш борасида ҳам ўзгаришлар беқиёс. Уларни билмаган ветврач, албатта, муаммога дуч келади, иш жараёнида қийналади. Шу боис малака ошириш, ўқиш-ўрганиш жуда керак.

Юртимизда эпизоотик барқарорликни янада ишончли таъминлаш мақсадида юздан ортиқ соҳа олимлари, профессор-ўқитувчилар амалий ёрдам кўрсатиш учун ҳудудларга бириктирилди. Улар айни чоғда Самарқанд давлат ветеринария медицинаси,чорвачилик ва биотехнологиялар университетининг юқори босқичида сабоқ олаётган тўққиз юз нафардан ортиқ шогирдлари билан ўқув-амалиёт режасига кўра эпизоотик тадбирларда фаол иштирок этишмоқда.
Бир сўз билан айтганда, мутахассисларимиз юқумли касалликларнинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш, эпизоотик осойишталикни таъминлаш учун туну кун астойдил меҳнат қилишмоқда. Ваҳима қилиш ва ортиқча хавотирланишга ўрин йўқ.
Абдунаби АЛИҚУЛОВ ёзиб олди
“Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг