«Юқори Тўпаланг»да илк бор қор қоплони фотоқопқонга муҳрланди
Фарҳод ЭСОНОВ/«Халқ сўзи». Сариосиё туманидаги «Юқори Тўпаланг» миллий табиат боғининг «Тамшуш» ҳудудида, 3500-4000 метр баландликда ўрнатилган фотоқопқон ёрдамида биринчи марта қор қоплони тасвирга олинди.
Мутахассисларнинг фикрича, қор қоплонларининг яшаш ареали сўнгги йилларда турли омиллар — иқлим ўзгариши, инсон омили ва табиий ресурсларнинг камайиши сабабли қисқариб бормоқда. Шу боис бу мушуксимон жониворни ҳимоя қилиш ва унинг табиий яшаш муҳитини асраш масаласи глобал аҳамият касб этмоқда. Ушбу ноёб жонзот Ўзбекистон Қизил китобига, IUCN Қизил рўйхатига ва CITES I иловасига киритилган бўлиб, йўқолиб кетиш хавфи остидаги турлар қаторида қайд қилинган.
— Қор қоплонининг мазкур ҳудудда тасвирга олиниши табиатни муҳофаза қилиш бўйича олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар натижаси, албатта, — дейди Сурхондарё вилояти экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси матбуот котиби Темур Ғойибназаров. — Ушбу ҳодиса минтақадаги биологик хилма-хилликни ўрганиш ва қор қоплонларининг яшаш муҳитини чуқурроқ тадқиқ қилиш учун муҳим имконият яратади. «Юқори Тўпаланг» миллий табиат боғида қор қоплонининг сони ҳозирча 4 бош экани аниқланган.
«Юқори Тўпаланг» миллий табиат боғи Марказий Осиёнинг энг муҳим табиий ҳудудларидан бири бўлиб, ноёб флора ва фаунага эга. Бу ерда қор қоплонидан ташқари, тоғ эчкиси, тоғ қўйи, турли йиртқич қушлар ва бошқа камёб ҳайвонлар ҳам учрайди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг