Юқори даражадаги Тошкент анжумани давом этмоқда

13:55 04 Март 2022 Жамият
451 0

Фото: Ҳасан Пайдоев/«Халқ сўзи»

Пойтахтимизда бўлиб ўтаётган «БМТ Глобал аксилтеррор стратегиясини амалга ошириш бўйича Марказий Осиё давлатларининг минтақавий ҳамкорлиги» мавзусидаги халқаро конференциянинг иккинчи куни ўз ишини давом эттирмоқда. Шўъбаларда ўтказилаётган мажлисларда Терроризмга қарши курашнинг асоси сифатида инсон ҳуқуқларига ва қонун устуворлигига умуминсоний ҳурматни таъминлаш, террорчиликка қарши курашда Марказий Осиё мамлакатларини техник қўллаб қувватлашни ошириш бўйича дастурлар, терроризм олдини олишда давлатларнинг салоҳиятини мустаҳкамлаш ва бу соҳада БМТ тизимлари ролини ошириш масалалари  муҳокама қилинаяпти.  

Анжуманнинг «Терроризмга қарши курашнинг асоси сифатида инсон ҳуқуқларига ва қонун устуворлигига умуминсоний ҳурматни таъминлаш»  мавзусидаги сессиясида минтақа давлатлари ва халқаро ташкилотлар вакиллари Марказий Осиёда  инсон ҳуқуқларини  таъминлаш, терроризмга қарши кураш борасида тўпланган тажриба ҳақида сўз юритди. Хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий маркази директори Акмал Саидов мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида амалга оширилаётган ишлар ва эришилган натижалар ҳақидаги батафсил маълумотларни конференция иштирокчиларининг эътиборига ҳавола қилди.  

У терроризмга қарши кураш,  инсон ҳуқуқ ва эркинликларига ҳурмат билан ёндашиш,  виждон эркинлигини   таъминлашда халқаро ҳуқуқларни қўллаш бўйича олиб борилаётган ишларга алоҳида урғу берди. Шунингдек, БМТ ва унинг ташкилотлари билан терроризмга қарши кураш бўйича ҳамкорликнинг натижаларини ҳам тилга олди.  Бу йўналишда Ўзбекистон томонидан халқаро  майдонда  илгари сурилаётган ташаббусларни халқаро ҳамжамият фаол қўллаб-қувватлаётгани эътироф этилди.

Сессия ишида, шунингдек, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва ЕХҲТнинг Бишкекдаги офиси раҳбари маъруза қилди. Сўзга чиққанлар инсон ҳуқуқларига риоя қилиш ва терроризмга қарши курашда ўзаро боғлиқнинг таъминланиши муҳим масала бўлиб қолаётганини қайд этдилар. Ўз навбатида, улар ушбу муҳим конференцияни  юқори савияда ташкил этгани учун Ўзбекистон томонига миннатдорлик билдирди.

Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессиясида илгари сурган ташаббусига асосан ташкил қилинди. Анжуман дастурига кўра, БМТ Глобал аксилтеррор стратегияси доирасидаги Минтақавий қўшма ҳаракатлар режасининг 10 йиллик натижасини сарҳисоб қилиш, терроризмга қарши кураш бўйича ҳамкорлик тенденциялари ва истиқболини муҳокама қилиш, Марказий Осиё давлатлари тавсиялари асосида янгиланган Қўшма ҳаракатлар режасини тасдиқлаш каба масалалар муҳокама этилмоқда. Тадбир БМТнинг Марказий Осиё мамлакатларида Глобал аксилтеррор стратегиясини амалга ошириш режасини халқаро майдонда татбиқ қилиш бўйича амалий тажриба алмашиш имконини беради. Айни пайт форум доирасида терроризмга қарши курашиш билан боғлиқ жараён, хусусан, мазкур иллатнинг мафкуравий, ташкилий, ҳуқуқий, психологик ва техник жиҳатлари халқаро экспертлар томонидан таҳлил этилмоқда.

Абдували Сойибназаров,
“Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер