Юнусободда 123 та хонадон эгасининг табиий газдан ноқонуний фойдаланиб келаётганлиги аниқланди
Фото: Иллюстратив фото
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 18 июндаги ПФ-6010-сонли фармони ижросини таъминлаш бўйича 2020 йил 10 июль куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири томонидан чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган эди. Ушбу чора-тадбирлар режаси бўйича «Ўзтрансгаз» АЖ ҳамда «Ҳудудгазтаъминот» АЖ ўртасида қарздорликларни топшириш-қабул қилиш далолатномаларини расмийлаштириш кўзда тутилган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 сентябрдаги ПҚ-4840-сонли қарорига асосан ўтган давр мобайнида табиий газ истеъмолчилари хонадонларига корхона томонидан бепул замонавий газ ҳисоблагичлар ўрнатилмоқда. Бироқ, қонунга зид равишда иш кўраётган истеъмолчилар ҳам орамизда учраб турибди.
Текширувларнинг навбатдагиси Юнусобод туманида амалга оширилди. «Ҳудудгаз Пойтахт» газ таъминоти филиали «Жисмоний шахсларга табиий газ етказиб беришни назорат қилиш» ходимлари томонидан олиб борилган ўрганишларда туманда «ақлли» газ ҳисоблаш ускунаси жами 16 977 та ўрнатилгани маълум бўлди. Ҳозирда амалий ишлар давом этмоқда.
Тумандаги «Исломобод», «Ҳамкоробод», «Турк қўрғон», «Меҳнатобод», «Ҳасанбой», «Биллур» маҳаллаларида «БиллингГаз» дастурида «0» кўрсаткичда турган хонадонлар кўздан кечирилганда, «ақлли» ҳисоблагични олиб ташлаб, резина шланг ёрдамида табиий газдан ноқонуний фойдаланиб келинаётгани аниқланди.
Юнусобод туманида 123 та хонадон ўрганилди. Натижада 130 125 метр куб табиий газни сарф қилиб, газ таъминотига 49 447 500 миллион сўм миқдорида моддий зарар келтирилганлиги аниқланди. Ҳар бир истеъмолчи қонун доирасида жавобгарликка тортилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг