Юлдузлик касалига чалинган ёшлар

16:21 12 Ноябрь 2024 Жамият
393 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Ёшларга бериладиган давлат имтиёзлари айрим ота-оналар ва ўғил-қизларимизнинг ҳаловатини ўғирлагани бор гап. Аксариятида мақсад битта: Тезроқ китоб чиқариб, машҳурликка эришиш ёки имтиёздан фойдаланиб олий таълимга имтиҳонсиз ўқишга кириб олишдир. Шу мақсадда фарзандини етаклаб, таниқли ижодкорлар ортидан эргашиб юрадиган, шеър чиқариш илинжида таҳририятлар жамоасини безовта қиладиганлар кўп.

— Болам бир ўтиришда анча-мунча шеърлар ёзиб ташлайди, — дейди шеъриятнинг қонун-қоидаларидан мутлақо хабарсиз оналардан бири. — Бир қўллаб юборсангиз, зора танилиб кетса...

Шеър кўтариб келган ёшларни саволга тутсангиз, фақат мактаб дарслигида ўқиган шоир, ёзувчиларни айтади. Ихтиёрий ўқиган китобларини сўрасангиз, «Тўйтепа»дан нарига ўтмаган қўшиқчи «шаир»ларни тилга олади. Аслида истеъдодни Худо юқтирмаса, минг чиранган билан шоир бўлиш қийин. Нега юзлаб китоб ўқиган ёки таржима қилган олимлар, таржимонлар тўрт қатор шеър ёзолмайди. Чунки ижод – кўнгил иши. Тўғри, устоз-шогирдлик орқали ҳаваскор қаламкашларнинг қалбидаги чўғни алангалатиб юбориш мумкин. Аммо чала-ярим ёзилган нарсаларни тезда китоб қилиб, имтиёздан фойдаланиш ижодкорликка хосмас.

Сир эмас, ҳозир айрим ота-оналар машҳур ижодкорларга дастурхон ёзиб, совға-салом бериб бўлса ҳам фарзандининг биринчи китобига «Оқ йўл» ёздириб олмоқда. Айрим «уста» шоирлар ҳам келишилган нархда устомонларга шиғир ёзиб бериб, улардан «юлдуз» ясашга уринмоқда. Ўзбекистон халқ шоири Охунжон Ҳакимов оғирнинг остидан, енгилнинг устидан ўтиш орқали мақсадига эришадиган ана шундай учарларни жамиятнинг шиллиқурти, деб атаганди.

Бундан беш-олти йил олдин Фарғонада тадбиркор бобо набирасининг китобини чиқартириб берди. Набиранинг муаллифлик китобидаги шеърлар асосан машҳур болалар шоирининг ижодига мансуб бўлиб, тўғридан-тўғри кўчирилгани ошкор бўлди. Яхшиям, болалар шоири бағрикенглик қилди. Акс ҳолда бобоси ҳам, ёш шоира ҳам элга шарманда бўларди.

— Илгари шоирларнинг китоби чиқcа, катта воқеа бўлган. Китобхонлар қўлма-қўл ўқиган. Китоб дўконларида навбатда турган, — дейди «Фарғона» нашриёти муҳаррири Ҳаётжон Бойбобоев. — Ҳозир шоир кўпу шеър йўқ. Нашриётимизга келган қўлёзмаларни ўқиб, ҳайратда қоламан. Шеърият талабларига жавоб бермайди. Унга «оқ йўл» берган казо-казо ижодкорлар тўпламни ҳатто варақлаб ҳам кўрмаган. Тўғри, хусусий нашриётдан кўпи йўқ. Баъзан умуман қайта ишлашнинг имкони бўлмаган «эъжод» намуналарини қайтариб берамиз. Қанчадир вақт ўтгач, бошқа нашриётдан чиқариб китобини кўтариб келади. Хўп, шу китоб чиқди ҳам дейлик, кейин нима бўлади? Адабиёт майдонига таниш-билиш билан кирган ёшларнинг бутун умри аламзадалик билан ўтмаслигига ким кафолат беради?

Айни пайтда ижтимоий тармоқларда ҳар куни юзлаб шеърлар қўйилади. Илгари шоирни адабиётшунослар ёки танқидчилар халққа танитган. Ҳозир ёш ижодкорлар ўзини-ўзи реклама қилиб, машҳурликка эришиш учун ҳеч нарсадан тап тортмаяпти. Шоир билан ўқувчи бир даражага тушиб қолди. Шеър дегани шу бўлса, мен ҳам ёзоламан, деб ўқувчининг ўзи ҳам ёзишга тушди. Китобхонлар яхши, ёмон шеърларнинг фарқига бормай қўйди.

Яқинда ижодий фаолиятимизда содир бўлиб бир воқеага тўхталиб ўтмоқчиман. Бир ота-она уйланадиган ёшдаги ўғлининг ёмон йўлга кириб кетаётганидан нолиди. Маълум бўлишича, йигит тунги клубларнинг доимий мижозига айланган. Мақсад унинг номидан шеър ёки ҳикоялар тўплами чиқариб, ёш ижодкор сифатида жойларда учрашувлар ўтказиш, ёмон йўлдан қайтариш экан. Биз китоб чиқариш эмас, юксак бадиий асарларни кўпроқ ўқиса, фарзанди ўзини англашини айтдик.

Яна таҳририятимизга китобини мақтаб битта мақола ёзиб беришимизни илтимос қилиб келишади. Буям «юлдузлик касали»нинг кўзга кўринмас, аммо маънавиятимиз учун энг хавфли бўлган бир кўринишидир. Шоир бўлиш осонмас. Иқтидор, илҳом, билим, тинимсиз меҳнат керак. Чинакам шоирлар бир сўз устида тундан-тонггача қанча кунларни бедор ўтказади. Бунга ҳам руҳан, ҳам қалбан тайёр бўлмасангиз, саробга алданиб қолманг!

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер