Юксалишнинг энг қисқа йўли
Бугун барчамиз мустақил Ўзбекистоннинг янги қиёфаси шаклланаётган, жамиятда Ҳаракатлар стратегиясининг тамойиллари амалга оширилаётган, том маънода мутлақо янги давлат қурилаётган замонда яшамоқдамиз.
Албатта, халқ фаровонлиги, юрт тараққиёти йўлида қилинаётган тизимли ислоҳотлар самарасини ҳаммамиз ўз ҳаётимиз мисолида кўриб турибмиз. Шу боис уларни яна такрорлашга ҳожат бўлмаса керак. Янгиланаётган Ўзбекистон бугун ўз олдига шунчаки ривожланишни эмас, балки турли соҳаларда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар натижасида энг кучли давлатлар қаторидан ўрин олишни асосий мақсад қилиб қўйган.
Шунинг учун ҳам давлатимиз раҳбари ўзининг парламентга Мурожаатномасида тараққиётга эришиш учун рақамли билимлар ҳамда замонавий ахборот технологияларини эгаллашимиз зарур ва шартлиги, бу юксалишнинг энг қисқа йўлидан бориш имкониятини беришига алоҳида эътибор қаратди.
2020–2025 йилларда Ўзбекистонда электрон ҳукумат тизимини ривожлантириш концепцияси лойиҳаси ишлаб чиқилгани бу борадаги ишларни тизимли олиб боришда муҳим аҳамиятга эга. Ушбу концепциядан кўзланган стратегик мақсад – электрон ҳукумат тизимининг кейинги босқичига ўтиш, интеграциялашган ҳукуматни ривожлантиришга кўмаклашишдир.
Бунда асосий эътибор давлат органларининг ахборот тизимлари, ахборот ресурслари ва маълумотлар базаларини жорий этиш ҳамда ривожлантиришда ягона технологик ёндашувни амалга ошириш, маълумотларни марказлашган ҳолда сақлаш, ишлов бериш ва алмашиш тамойилини таъминлаш, Электрон ҳукумат тизими иштирокчиларининг ўзаро келишилган, бир-бирини тўлдирувчи ва бирлаштирилган усуллари ва ёндашувларини қўллашга қаратилган.
Ҳозир жаҳоннинг турли мамлакатларида молиявий технологиялар, ер ресурсларини бошқариш, транспорт, соғлиқни сақлаш, таълим соҳаларида блокчейн тизимидан фойдаланилади.
Блокчейн тизими ҳар қандай соҳанинг шаффофлик даражасини оширади, коррупция ҳолатларининг камайишига хизмат қилади. Умуман олганда, рақамли технологияларни кенг жорий этиш давлат ва жамият бошқаруви, ижтимоий соҳа ривожланишига хизмат қилиши қаторида одамлар турмушининг кескин яхшиланишига олиб келади.
Айтиш керакки, мамлакатимизда амалга оширилаётган ҳар қандай ислоҳот замирида биринчи навбатда мустақиллик берган имкониятлар мужассам. Ҳақиқатан ҳам, мамлакатимиз ҳаётининг бирор-бир жабҳаси йўқки, унда истиқлол шукуҳи сезилмаса, жамиятимизнинг бирор-бир аъзоси йўқки, унинг ҳаёти, орзу-умидларида мустақиллик акс этмаган бўлса.
Тобора яқинлашиб келаётган бу йилги байрамни давлатимиз раҳбарининг қарорига кўра «Сен – қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним!» деган ғоя остида нишонлаш белгиланди. Ушбу ғоя асосида ишлаб чиқилган маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари дастури 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда «Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили» давлат дастури билан уйғун ҳолда тайёрлангани қайд этилди. Бу бежиз эмас, албатта. Зеро, истиқболимизни белгилаб берган мазкур қомусий ҳужжатда жамиятимизнинг барча жабҳаларида ислоҳотларни янги босқичга кўтаришга қаратилган улуғ мақсадлар илгари сурилган ва биз ушбу мақсадни амалга ошириш йўлидан собитқадамлик билан одимламоқдамиз. Айниқса, ушбу стратегиядан келиб чиқиб бошланган амалий ҳаракатларни бугун энг чекка қишлоқ аҳолиси ҳам сезмоқда, ўз ҳаётидаги ўзгаришларда ҳис қилмоқда.
Умуман олганда, мустақиллик бизга бугунгидек эркин ва бахтли яшаш имконини туҳфа этди. Ана шундай бир шароитда Ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлашга, уни кўз қорачиғидек асраб-авайлашга, юртимизнинг янада тараққий этиши ҳамда халқимизнинг бундан-да фаровон ҳаёт кечириши йўлида бор кучимиз ҳамда салоҳиятимизни сафарбар этишимиз чин инсонийлик бурчимиздир. Истиқлолнинг 29 йиллиги барчамизга муборак бўлсин!
Қаҳрамон ЭРГАШEВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
OʼzLiDeP фракцияси аъзоси
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг