Ёзёвондаги бепул тиббий кўрикда “Оила саломатлиги мактаби” машғулотлари ҳам ўтказилди
Ёзёвон тумани тиббиёт бирлашмаси томонидан тор соҳа мутахассислари иштирокида бўлиб ўтган навбатдаги бепул тиббий кўрикда 32 та МФЙдан аҳоли вакиллари қамраб олинди.
Тиббий кўрикка болалар ва катталар невропатологи, жарроҳ, стоматолог, болалар шифокори, офтальмолог, травматолог, кардиолог, пульмонолог, дерматолог ҳамда УЗИ ва ЭКГ мутахассислари жалб этилди.Тиббий кўрик жараёнида аҳолининг кайфиятига салбий таъсир этувчи омилларни бартараф этиш ҳамда соғлиғига эътиборни кучайтириш мақсадида касалликлар профилактикаси бўйича суҳбатлар ҳам ташкил этилди.

—Тадбир доирасида ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда тумандаги 40 та умумтаълим мактабида фаолият олиб борувчи 30 нафар ҳамшираларга соғлом турмуш тарзи асослари ва тиббий саводхонликни ошириш бўйича “Оила саломатлиги мактаби” машғулотлари ҳам ўтказилди,—дейди Ёзёвон тумани марказий поликлиникаси мудири Нодирбек Абдулҳамидов.—Шунингдек, юзма-юз мулоқотларда касаллик гуруҳлари бўйича аҳоли рўйхати шакллантирилди. Ҳар бир оилавий поликлиникада профилактик тиббий кўрикдан ўтиши зарур бўлган ҳамюртлар ўртасида суҳбат олиб борилди.

Ўз навбатида тиббий кўрик давомида тумандаги марказий поликлиника, 5 та оилавий поликлиника ҳамда 4 та оилавий шифокорлик пунктига 1370 нафардан зиёд аҳоли мурожаати келиб тушиб, ўрганишлар якунида 100 нафарга яқинига стационар ва амбулатор муолажалар тавсия этилди.
Эътиборлиси, эзгу ташаббус доирасида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг 9 нафар аъзоси ҳамда 11 нафар ногиронлиги бўлган шахслар ҳам тиббий кўрикдан ўтказилиб, керакли амалий ёрдамлар кўрсатилди.
Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг