Ёзда экилган чигит кеч кузда ҳосил беради
Фото: Халқ сўзи
Бугун дунёда нафақат озиқ-овқат, балки тўқимачилик маҳсулотлари ва пахта хом ашёсига бўлган талаб ҳам ошиб бормоқда. Қолаверса, юртимизда замонавий енгил саноат корхоналари кўпаймоқда. Уларни пахта хом ашёси билан таъминлаш зарурати юзага келяпти. Ана шу нуқтаи назардан Бухоро вилоятида ғалладан бўшаган майдонларнинг бир қисмига жадаллик билан чигит экиш тадбирлари амалга оширилмоқда.
— Бу масъулиятли юмуш агрокластерлар зиммасига юкланган, — дейди вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи А. Жаводов. — Ғалладан бўшаган ерлар сомони тозаланиб, тупроқ намлигини сақлаган ҳолда чигит экиш чоралари кўрилмоқда. Масалан, Бухоро туманидаги тўртта кластер корхонаси томонидан қўшимча тарзда жами 800 гектар майдонда саноат учун қимматбаҳо хом ашё саналган пахта етиштиришга киришилмоқда. Бошқа туманларимизда ҳам сомондан тозаланган ерларда зарур агротехник тадбирлардан сўнг чигит қадалмоқда.
Сирасини айтганда, ёзда ерга чигит экилгани Бухорода камдан-кам кузатилади. Аммо мутахассисларнинг бўлғуси ҳосил билан боғлиқ башоратлари бу тажриба ўзини оқлашига бўлган ишончни мустаҳкамламоқда. Ҳисоб-китобларга кўра, вилоят бўйича ғалладан бўшаган 7 минг 600 гектар ерда қадалган «С-82-90» ва «С-47-272 навли ғўзадан кеч кузга бориб 22 минг тоннадан зиёд пахта хом ашёси олинади.
Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг