Ёстиқ остидаги газета

10:32 27 Апрель 2021 Жамият
813 0

Ғиждувон туманидаги «Ҳавзак» маҳалла фуқаролар йиғини Дарсозлар қишлоғида яшаган Карим Ашуровнинг болалиги оғир кечди. Беш ёшида отасидан ажради. Кейин эса... бир бурда қора нон илинжида даладан бери келмади. Ёзда ялангоёқ юрди. Қишда оёғига бўз ўради. Онасининг қанотига кирди.

Ўнлаб ўспиринлар қатори тиришиб-тирмашиб юрган Каримни олдинда номинг ўчгур уруш кутиб турарди. 1944 йилда у ҳам фронтга отланди. Уруш даҳшатларини бошидан ўтказди. Тақдир инояти билан омон қайтди. Уйланди. Турмуш ўртоғи Бибиражаб ая билан беш фарзандни оқ ювиб, оқ тараб вояга етказди.

Карим бобо 91 ёшга кирганида у ҳақида газетада ихчамгина бир мақола чоп этилди. Отахон суюнганидан ўзини қўярга жой тополмай юрди. Қариндош-уруғлар, қадрдонлар, қишлоқдошларга газетани кўрсатар, невараларидан шу мақолани қайта-қайта ўқиб беришни сўрарди.Кейин газетани авайлаб ёстиғи остига қўйиб қўярди.

Ҳар гал 9 май куни табаррук ёшдаги отахоннинг хонадонига ўнлаб кишилар совға-салом билан келишар, аммо не ажабки, бу совғалар қушдан ҳам енгил бир газетачалик тош босолмасди.

— Бир куни «Бобожон, келинг, шу газетани рамкага солиб берай. Деворга осиб қўямиз. Шундоқ кўз ўнгингизда туради», дедим, — дея эслайди отанинг невараси Дилноза Ашурова. — Шунда у киши «Йўқ, ёстиғимнинг тагига тургани маъқул. Кўнглим ором топади», деб кўнмадилар.

Ҳаёт жуда бешафқат. У уруш чангалидан омон қолганларни ҳам аяб турмайди.

Паймонаси тўлганини англаган ота уйдагиларнинг барчасини ёнларига чорлади. Сўнг Дилнозага қараб, «Қизим, ўша газетани яна бир ўқиб бер», деди.

Дилноза отанинг урушдаги жудоликлар, тинч ва осойишта кунларнинг қадрига етиш лозимлиги ҳақидаги сўзлари битилган мақолани баланд овозда ўқиб берди.  Oта уни жон қулоғини бериб тинглади. Тингладию кўзидан бир томчи ёш оқди. Бу сўнгги кўз ёши эди. Отахон жон берди.

— Ҳар сафар бобожонимизни эслаганимизда, у киши ёстиқлари остида асраган ўша газетани қўлимизга оламиз, — дейди Дилноза. —Фарзандларимизга уни қайта-қайта ўқиб бераман. Шунда қулоқларим остида бобомнинг «Барака топ, қизим», деган сўзлари янграгандек туюлади.Қушдек енгил тортаман.

Истам ИБРОҲИМОВ,
(«Халқ сўзи»)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер