Ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда Ёшлар парламентининг ўрни муҳокама қилинди
2020 йил 26 август куни Олий Мажлис Сенати ҳузурида ташкил этилган Ёшлар парламенти аъзолари иштирокида «Ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда Ёшлар парламентининг ўрни ва истиқболдаги долзарб вазифалар» мавзусида онлайн давра суҳбати бўлиб ўтди.
Унда Сенат аъзолари, Ёшлар ишлари агентлиги, «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раҳбарлари ва бошқа мутасадди ташкилотлар вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Сенат Раиси Т.Нарбаева ўз нутқида Ёшлар парламентини ташкил этиш ташаббуси давлатимиз раҳбари томонидан қўллаб-қувватлангани, қолаверса, бу юртимизда ёшларга оид давлат сиёсати янги сифат босқичига кўтарилганидан далолат эканини таъкидлади.
Бундан ташқари, Ёшлар парламентининг ҳар бир аъзоси ўзи истиқомат қиладиган ҳудуд ёшларига тегишли муаммоларини ўрганиб, унинг сабабларини аниқлаши, ушбу муаммоларни ёшлар ўртасида муҳокама қилиб, бартараф этиш юзасидан ўз таклифларини Сенатга ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига тақдим этиб бориши зарурлиги қайд этилди.
Шу билан бирга, Ёшлар парламенти қонун ижодкорлигида ёшларнинг иштирокини таъминлаш, бўлғуси Сенат аъзолари ҳамда сиёсатчиларни тайёрлаш, яъни кадрлар захирасини шакллантириш, ёшларни улкан мақсад ва аниқ лойиҳаларга йўналтириб бориш каби вазифаларни бажаришига урғу берилди.
Давра суҳбатида Ёшлар парламенти раиси сўзга чиқиб, ушбу тузилма комиссияларининг келгусидаги вазифалари, парламент иш режаси ва регламенти лойиҳалари борасида сўз юритди.
Хусусан, Ёшлар парламенти аъзолари Президентимиз томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббусни чинакам халқ ҳаракатига айлантириш, ҳудудлардаги «Рақамли технологиялар ўқув марказлари» ва «Бир миллион дастурчи» лойиҳасига ўғил-қизларни кенг жалб этиш, муҳокамага қўйилган қонун лойиҳаларида жойлардаги ёшлар манфаатлари ифода этилаётганини таҳлил қилиб бориш назарда тутилган. Қолаверса, «Меҳрибонлик» уйлари битирувчилари ҳамда имконияти чекланган ёшларни жамиятга мослашувига кўмаклашиш, гендер тенгликни таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишларда фаол қатнашиш каби режаларни устувор мақсад қилиб белгиланган.
Шунингдек, тадбирда Сенатнинг ҳар бир қўмитаси Ёшлар парламенти билан яқин ҳамкорликда ишлаши зарурлиги таъкидланиб, комиссиялар тегишли қўмиталарга бириктирилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг