Ёшлар таълим-тарбияси учун шароитлар, фуқаролар соғлиғини сақлашга оид кафолатлар
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов ва бир гуруҳ депутатлар Наманган вилоятида таълим, тиббиёт ходимлари, нуронийлар ҳамда маҳалла фаоллари билан учрашиб, янгиланаётган Конституциядан ўрин олган қоидалар, уларнинг мазмун-моҳияти, аҳамияти ҳақида кенг маълумотлар берди.
Шунингдек, демократиянинг энг муҳим шартларидан бири ҳисобланган, давлат ва жамият аҳмиятига молик масалаларни ҳал қилишда халқнинг бевосита иштирокини ифодалайдиган референдумнинг аҳамияти ҳақида фикрлар юритилди.
Мулоқотларда фуқаролар Бош қомусимизнинг янги таҳририда аҳолининг фикри, хоҳиш-иродаси акс этгани, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар руҳи ифоданганини эътироф этиб, янгиланаётган Конституция инсон қадрини улуғлайдиган, мамлакат ривожига хизмат қиладиган муҳим ҳужжат бўлишини таъкидладилар.
Шоҳиста ТОШПЎЛАТОВА, Учқўрғон туманидаги 5-мактаб директори ўринбосари:
— Бугунги замон ёшлари дунёқараши кенг, қатъиятли, ўз мақсади сари ҳаракат қиладиган, муаммони ижобий ечадиган комил инсон бўлиши керак. Бунда, албатта, таълим ва тарбия муҳим аҳамият касб этади. Шу боис, кейинги йилларда мамлакатимизда таълим сифатини яхшилаш, ўқитувчилар касбини улуғлаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Янгиланётган Конституциямизда ҳам мулкимиз бутун, болаларимизнинг таълими ва тарбияси учун шароитлар, соғлигимизни сақлашга кафолатлар ўз аксини топяпти. Демак, ҳаммамиз келажагимизга бефарқ бўлмаган ҳолда референдумда фаол бўлишимиз керак.
Мухаррамхон ИБРАГИМОВА, Учқўрғон туманидаги “Эшонтўпи” МФЙ раиси:
— Сўнгги йилларда юртимизда маҳаллалар ҳаётида катта ўзгаришлар бўляпти. Жумладан, маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси, профилактика инспекторидан иборат “бешлик” жорий этилгани, маҳаллаларнинг ўз маблағига эга бўлиши, яъни, солиқ тушумларининг маълум бир қисми маҳалла ихтиёрида қолдирилиши каби ислоҳотлар маҳалла институтининг самарасини оширмоқда.
Эътиборлиси, ўзига хос бошқарув тизими — “бешлик” ҳамкорлиги натижасида маҳалламизда ижтимоий, иқтисодий, маънавий муҳит ижобий томонга ўзгарди. Аҳолини ўйлантираётган масалалар жойида ҳал этилиб, уларга кўмак бериляпти. Янгиланаётган Бош қомусимизда фарзандларимизни уй-жой билан таъминлаш, уларнинг таълим олишлари учун барча шарт-шароит ва имкониятлар яратиш ҳамда бошқа ижтимоий кафолатлар белгиланмоқда.
Маҳалламиз аҳли билан бўлиб ўтган учрашувларда фуқаролар киритилаётган янги нормалардан мамнун эканликларини билдириб, Конституцияни тўла қўллаб-қувватлашларини қайд этишмоқда.
Белимхон БАГИШЕВА, халқ депутатлари Чортоқ тумани Кенгаши депутати, “Созсой” МФЙ хотин-қизлар фаоли:
— Ўтган қисқа вақт мобайнида давлатимиз раҳбарининг сиёсий иродаси туфайли қардош халқлар билан борди-келдимиз жадаллашди, чегаралар эркинлашди, ҳар соҳада алоқаларимиз равнақ топмоқда. Марказий Осиёда яхши қўшничилик муносабатлари ўрнатилди, чегаралар очилди, бу билан минтақа халқлари ҳаётида ўзаро ишонч ва дўстликка асосланган янги давр бошланди, десам, асло муболаға бўлмайди. Бу каби ислоҳотлардан биз жуда хурсанд бўлдик.
Сабаби, Қирғис Республикасида қариндош-уруғларимиз бор. Уларнинг тўй-маракаларида қатнашиб, бир-биримизнинг ҳолимиздан доимий хабарлашиб турибмиз. Бир сўз билан айтганда, азалдан бир-бири билан қариндош-уруғ, қуда-анда бўлиб келган халқлар ўртасидаги дўстона муносабатлар яна қайтадан тикланди.
Янгиланаётган Конституциямизда ҳам қўшни давлатлар билан ҳамкорлик, ўзаро бир-бирини қўллаб-қувватлаш, тинчлик ва тотувлик асосидаги дўстона муносабатларни мустаҳакамлаш ўз аксини топмоқда. Биз мамлакатимиздаги тинчликни қадрлашимиз керак ва шу тинчликни таъминлашнинг муҳим ҳуқуқий асоси – Констиуциямизни қўллаб-қувватлашимиз лозим.
Тоҳиржон ИСМАТИЛЛАЕВ, Уйчи туман Нуронийлар жамоатчилик Кенгаши раиси:
— Янгиланаётган Конституциямиз ўз руҳи ва мазмунига кўра давлат ваколатларини ҳимоя қилувчи эмас, балки оддий фуқароларнинг ҳуқуқларини кафолатловчи ҳужжат эканлиги билан ғоят аҳамиятлидир. Унда пенсия, нафақа ва бошқа ижтимоий ёрдамнинг миқдорлари энг кам истеъмол ҳаражатларидан оз бўлиши мумкин эмаслиги мустаҳкамлаб қўйилмоқда.
Мазкур норма аҳолининг турмуш даржасини яхшилаш, соғлиғини, меҳнат қилиш салоҳиятини сақлаган ҳолда жамиятнинг ҳеч бир аъзосини эътибордан четда қолмаслигини англатади. Ишончим комилки, референдум юксак кўтаринкилик руҳида ўтади.
Нафиса МАМАСОЛИЕВА, халқ депутатлари Наманган вилоят кенгаши депутати:
— Янги таҳрирдаги Конституциямизда жамиятнинг барча қатламлари манфаатлари инобатга олиняпти.
Инсон ҳуқуқ ва эркинликларига оид қоидалар бир неча каррага, ўз навбатида давлатнинг ҳам халқ олдидаги мажбурияти бир неча бараварга ошмоқда. Чунки, Конституция лойиҳасини ишлаб чиқишда “инсон манфаати ҳар нарсадан устун” деган мезон асос қилиб олинган. Шу боис, Бош Қомусимизни том маънода халқ Конституцияси бўлмоқда, десак, асло хато бўлмайди.
Ҳудуддаги учрашув ва мулоқотлар давом этмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг