Ёшлар сайилгоҳи фойдаланишга топширилди
Фото: “Халқ сўзи”
Конституциямиз қабул қилинганининг 31 йиллиги байрами муносабати билан Фарғона шаҳрида Ёшлар сайилгоҳи фойдаланишга топширилди.
Шу муносабат билан ташкил этилган байрам тадбирида Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров ва вилоят секторлари раҳбарлари иштирок этиб, сайилгоҳда яратилган шарт-шароитлар билан танишди ҳамда баркамол авлод вакиллари билан самимий суҳбатлашди.

— Сайилгоҳ шаҳримиз марказидаги Каштанзор кўчасида — Аҳмад Фарғоний номидаги хиёбон, Фарғона давлат университети ҳамда бир қатор маънавият ва маърифат масканлари жойлашган ҳудудда фаолият бошлагани ёшлар учун айни муддаодир, — деди Фарғона шаҳар ҳокими ўринбосари Юсуфхон Юсупов. — Ёшлар сайлгоҳи “Очиқ бюджет” ахборот портали орқали жамоатчилик фикри асосида шаклланган лойиҳа доирасида ташкил этилди. Эзгу ташаббусни амалга ошириш мақсадида давлат бюджетидан 1 миллиард 32 миллион сўм, шу билан бирга 500 миллион сўм ҳомийлик маблағлари жалб этилди.
Сайлгоҳда гуллар билан безалган йўлаклар, тунги ёритиш чироқлари ўрнатилган бўлиб, кинотеатр, ресторан ва “book-cafe”лар, шахмат, стол тенниси, PlayStation ўйинлари ҳамда караоке ҳудудлари ҳамда фотозоналар фаолият кўрсатади.

Хайрулло Бозоров сайилгоҳда йиғилган ёшларни байрам билан қутлаб, орзу-мақсадлари, илм-фан, тадбиркорлик соҳасидаги режалари билан қизиқди.
Шунингдек, вилоят ҳокими тадбир доирасида “Ёшлар дафтари”га киритилган 17 нафар йигит-қизга субсидия асосида пишириқ печлари, тикув машиналари ҳамда сартарошлик мебелларини тақдим этди.
Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг