Ёшлар маслаҳат гуруҳлари фаолиятига бағишланган семинар
Жорий йилнинг 27 март куни Сенатда халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари ҳузуридаги Ёшлар маслаҳат гуруҳлари фаолиятини самарали ташкил этишга бағишланган семинар бўлиб ўтди.
Мазкур тадбирда вазирлик ва идоралар масъуллари, ЮНИСEФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакиллари, маҳаллий Кенгашларнинг Ёшлар сиёсати, маданият ва спорт масалалари бўйича доимий комиссиялари ҳамда Ёшлар маслаҳат гуруҳлари аъзолари иштирок этди.
Тадбир давомида ёшларнинг давлат бошқарувидаги иштирокини кенгайтириш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда Ёшлар маслаҳат гуруҳлари фаолияти самарадорлигини ошириш, уларни қонун ижодкорлиги жараёнларига фаол жалб этиш масалалари муҳокама қилинди.
Маърузаларда халқаро тажриба ва миллий амалиёт уйғунлигига алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, «Юксалиш» ҳаракати ҳамда УНИСEФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакиллари томонидан ёшлар иштироки ва уларни қарор қабул қилиш жараёнларига жалб этиш бўйича муҳим ташаббуслар илгари сурилди.
Шунингдек, маҳаллий Кенгашларнинг Ёшлар сиёсати, маданият ва спорт масалалари бўйича доимий комиссиялари ва Ёшлар маслаҳат гуруҳлари аъзолари билан фикр алмашилиб, жойлардаги ёшлар билан боғлиқ мавжуд муаммолар ва уларни бартараф масалаларига ҳам эътибор қаратилди.
Тадбир якунида Ёшлар маслаҳат гуруҳлари фаолиятини янада такомиллаштириш, уларнинг институционал салоҳиятини кучайтириш ҳамда ёшларнинг жамоатчилик бошқарувидаги иштирокини кенгайтириш бўйича тавсиялар билдирилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг