Ёшлар ишлари агентлиги Тошкентдаги ёшлар форуми учун қанча маблағ ажратгани маълум бўлди

15:47 26 Май 2021 Жамият
1450 0

Тошкент шаҳрида 5 кун давом этган Тошкент 5 ташаббус ҳаракати - 2021 ёшлар форуми якунида Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев энг илғор ва ташаббускор волонтёрлар билан учрашди.

Очиқ мулоқот тарзда ўтказилган учрашувда волонтёрлик истиқболлари, Ўзбекистонда волонтёрлик фаолиятини ривожлантиришга доир аниқ таклифлар ҳамда учраётган муаммолар бўйича фикрлар билдирилди.

Алишер Саъдуллаевнинг маълум қилишича, республиканинг барча ҳудудларида «Волонтёрлар мактаб»лари ташкил этилади ҳамда 27 та олий таълим муассасаларида эса «Волонтёрлик марказ»лари фаолияти йўлга қўйилади. Бундан ташқари волонтёрларни муносиб рағбатлантириш, уларнинг фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида «Йил волонтёри» танлови жорий этилади.

Учрашув якунида «Энг яхши волонтёрлик ташаббуси» танловининг финал босқичи ўтказилиб, волонтёрлик гуруҳлари ўзлари томонидан охирги 1 йил давомида амалга оширган ишлари юзасидан тақдимот қилишди. Ёшлар ишлари агентлиги томонидан энг юқори овоз тўплаган 11 та волонтёрлик гуруҳлари ноутбук ва яна 11 та гуруҳ етакчиларига планшетлар топширилди.

Агентликнинг «Халқ сўзи»га маълум қилишича, 5 ташаббус ҳаракати ёшлар форуми доирасидаги лойиҳаларни амалга оширишда Ёшлар ишлари агентлиги томонидан 250 миллион сўм (совғалардан ташқари) маблағ ажратилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер