Ёшлар етакчиларининг билими оширилди
Фото: Халқ сўзи
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида 13-17 июль кунлари Ёшлар ишлари агентлигининг ҳудудий бўлимлари, Маҳалладаги ёшлар етакчилари билан ишлаш, «Ёшлар баланси» ва «Ёшлар дафтари»ни мувофиқлаштириш шўбалари мудирлари учун ўқув-семинар ташкил этилди.
Семинарда вазирлик, ташкилотлар раҳбарлари, илмий изланувчилар, ёш давлат хизматчилари, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда ОАВ ходимлари қатнашди.
Мазкур ўқув-семинарни ўтказишдан мақсад «Ёшлар баланси» ва «Ёшлар дафтари» платформасини маҳаллаларда юритиш, йигит-қизлар ўртасида беш босқичли «5 ташаббус олимпиадаси» доирасидаги тадбир ва мусобақаларни тизимли ташкил этиш, ёшлар етакчиларининг «ёшлар дастури»ни ишлаб чиқиши ва меъёрий ҳужжатлар билан ишлаш кўникмаларини оширишдан иборат.
Ўқув машғулотлари давомида тингловчилар ўзларининг қизиқтирган саволларига мутахассислардан жавоб олди. Очиқ, дўстона, самимий руҳда ўтган мулоқотларда республиканинг барча ҳудудидан йиғилган ёш давлат хизматчилари ўзаро тажриба алмашди. Давлат фуқаролик хизмати соҳасини янада ривожлантириш бўйича ўз таклифларини билдирди.
— Бизнинг вазифамиз янги ёш истеъдодларни кашф этиш, уларнинг илмий ва ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш ҳамда мамлакатдаги янгиланишларга фаол жалб қилишдир, — дейди Ўзбекистон ёшлар ишлари агентлиги маҳалладаги ёшлар етакчилари билан ишлаш бошқармаси бошлиғи Шерзод Олимов. — Агар ҳудудлардаги ходимлар ўртасига ўзаро дўстона мулоқот ва ҳамкорликни йўлга қўя олсак, бу борада кўзланган натижага эриша оламиз. Мазкур семинар айни масалада билим ва тажрибамизни бойитиши билан аҳамиятлидир.
Раҳматжон БОБОЖОНОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг