Ёшлар бандлигини таъминлаш, жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган амалий семинар
Самарқанд шаҳрида ёшлар жиноятчилигининг олдини олиш, ишсизлигига барҳам бериш юзасидан “маҳалла еттилиги” аъзолари ва таълим муассасаларининг ҳамкорлигини такомиллаштириш бўйича республика амалий семинари иш бошлади. Тадбирда масъул идора ва ташкилотлар вакиллари ҳамда халқаро ҳамкорлар иштирок этмоқда.

Семинарнинг очилишида Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев, Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш масалаларини мувофиқлаштириш бўйича республика комиссияси раиси Қаҳрамон Қуронбоев, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ўзбекистон Республикасидаги доимий координатори Маҳл Сабине хоним, Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев ва бошқалар мамлакатимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ва уларнинг самараси ҳақида сўз юритди.

Уч кун давом этадиган семинарда ёшлар бандлигини таъминлашда “маҳалла еттилиги”нинг ўрни, олий таълим муассасаларидаги ёшлар билан ишлаш ва битирувчи талабаларни иш билан таъминлаш, ёшлар етакчиларининг таълим муассасалари билан ҳамкорлик қилиш тизими ва болалар ташкилоти фаолиятини қўллаб-қувватлаш, ёшлар жиноятчилигининг олдини олишда профилактика инспекторлари ва ёшлар етакчилари ҳамкорлиги, ёш оилалар ўртасида ажримларнинг олдини олиш, маҳаллаларда ёшлар ўртасида оммавий спортни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади.

Бундан ташқари, маҳаллаларда фаолият юритаётган ёш тадбиркорлар, IT, стартап лойиҳа ва дастурлар асосида ишлаётган ёшлар фаолияти ўрганилади.
Семинар доирасида Алишер Навоий номидаги истироҳат боғида “Бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси” ҳамда “Таълим кўргазмаси” ҳам ташкил этилади.
Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ
(«Халқ сўзи»).
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг