Ёш стартапчи ва тадбиркорлар учун «САʼ20» Халқаро онлайн тадбиркорлик форуми ташкил этилади

13:17 25 Июнь 2020 Жамият
1238 0

26 июнь куни соат 14:00 да Ўзбекистон ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш марказининг YouTube каналида биринчи маротаба Ўзбекистон Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Туркманистон, Исроил тадбиркорлари иштирокида «CАʼ20» номли онлайн тадбиркорлик форуми ташкил этилади.
Ўрта Осиё давлатлари ўртасидаги онлайн форумда юртимиз вакиллари минтақада иқтисодий муҳитни яхшилаш бўйича турли йўналишларда ўзаро онлайн мулоқот олиб боришади. Хусусан, TexnoPlaza, «Лаборатория бизнеса» ҳамда Ground Zero асосчиси Ҳикмат Абдураҳмонов, Dekos, "Deli.Uz” ҳамда Mfaktor асосчилари Ҳасан ва Ҳусан Мамасаидовлар, ADWEEK реклама ҳафталиги асосчиси ва Миллий Маркетинг Маркази раҳбари Диёр Мирзааҳмедов, IT Park Uzbekistan раҳбари Фарҳод Ибрагимов ҳамда Ўзбекистон ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш маркази раҳбари ва Ўзбекистон Республикаси Президенти қошидаги фуқаролик жамиятини шакллантириш бўйича комитет аъзоси Ориан Меҳрож Рашидовлар спикер сифатида қатнашади.

Тадбир очиқ панель мунозараси шаклида ўтиб, унда минтақавий бизнес муаммолари, иштирокчиларнинг кейслари, ҳаётий тажрибаси ва мавжуд муаммоларнинг ечимлари муҳокама қилиниши кўзда тутилган.

— Ўрта Осиё ҳудудидаги тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш барча МДҲ давлатларининг иқтисодий ўсишига олиб келиши ҳеч ким учун сир эмас, — дейди Ўзбекистон ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш маркази раҳбари ва Ўзбекистон Республикаси Президенти қошидаги фуқаролик жамиятини шакллантириш бўйича комитет аъзоси Ориан Меҳрож Рашидов. — Ўзбекистоннинг энг яқин қўшни давлатлари билан дўстона муносабатда тадбиркорлик фаолиятини ҳамкорликда олиб бориши нафақат йирик бизнес эгаларига, балки ўрта ва кичик бизнес учун ҳам кенгроқ имкониятларни тақдим этади, янги бозорларни очади, мижозлар сонини кўпайтиради. Ўзбекистон бизнесининг потенциалини янада очиб бериш мақсадида мазкур форумни ташкил этяпмиз.

Халқаро форумда Ўрта Осиё тадбиркорлари ўртасида мустаҳкам ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, янги қўшма лойиҳалар ташкил қилинишига замин яратиш, мавжуд бизнес муаммоларини муҳокама қилиш ва уларга ечим излаш, келгусида ҳамкорликда ташкил этиладиган лойиҳалар тўғрисида келишувларга эришиш ҳам режалаштирилмоқда. Бундан ташқари, мамлакатлараро ҳамкорликни ва бизнес жараёнларни жадаллаштиришдаги таклифлар қабул қилиниб, халқаро иқтисодий алоқаларни ривожлантириш бўйича фикр алмашилади.

 

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер