Ёш китобхонлар учун қачон имконият яратилади?
Фото: Халқ сўзи
Бухоро вилоят болалар кутубхонаси жойлашган бино 1938 йилда болалар боғчаси сифатида қурилган. У авария ҳолатида. Вилоят давлат-архитектура қурилиш назорати инспекциясининг 2012 йил 3 декабрдаги 346-хатида ҳам ушбу бино меъёрий талабларга жавоб бера олмаслиги кўрсатилган. Унинг ўрнида лойиҳа асосида янгисини қуриш тўғрисида хулоса берилган эди. Аммо турли сабабларга кўра бино қайта қурилиши ёки таъмирланиши масаласи ечимини топмади.
— 67 мингта китоб мана шу хоналарда сақланяпти, — дейди муассаса бош кутубхоначиси Муҳтарам Нуриддинова. — Уларни тегишли меъёрлар асосида сақлаш учун шароитларимиз етарли эмас. Хоналар кенг ва ёруғ, ҳарорат эса 25-27 даража бўлиши зарур.
Чиндан ҳам бу ерда шарт-шароитларни талаб даражасида дея олмаймиз. Ҳатто китоблар сақланаётган хона томидан чакки ўтганини ҳам кўриш мумкин. Муассасада замонавий техника воситалари — моноблоклар, махсус экранлар ва стол-стулларга эҳтиёж сезилмоқда.
— Китобхонларимиз сони 23245 нафарни ташкил этмоқда, — дейди кутубхона директори Наргиза Низомова. — Уларнинг ҳар бирига ўртача 5 тадан китоб тўғри келяпти. Янги бино масаласига келсак, бу муаммо ечими сари қадам ташланди. Давлатимиз раҳбарининг топшириғига кўра, республикамиздаги барча вилоят болалар кутубхоналари учун босқичма-босқич замонавий шарт-шароитларга эга иншоотлар қуриладиган бўлди. Биз ҳам бу борадаги ўз таклифларимизни мутасаддиларга етказдик.
Дарҳақиқат, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йилги тегишли қарорига мувофиқ, мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги 12 та болалар кутубхонасини босқичма-босқич янгилаш кўзда тутилмоқда. Фикримизча, авария ҳолатидаги бинода фаолият юритаётган Бухоро вилоят болалар кутубхонаси учун қанча тез янги иншоот қурилса шунча яхши.
Тизим фаолиятини самарали ташкил этиш билан боғлиқ айрим масалалар ҳам йўқ эмас. Чунончи, илгари шаҳар ва туманларда ахборот-ресурс марказлари фаолият кўрсатар, улар вилоят болалар кутубхонаси ҳамда мактаб кутубхоналари ўртасида кўприк вазифасини ҳам ўтарди. Энди эса тизимда улар йўқ. Вилоятдаги 538 та мактаб кутубхоначисига услубий ёрдам кўрсатиш, улар билан ҳамкорликда ишлаш 32 нафар мутахассисдан иборат вилоят болалар кутубхонаси жамоаси зиммасида. Бунга эса табиийки, улгуриш мушкул. Қолаверса, вилоятнинг чекка қишлоқларида яшовчи китобхон ўғил-қизларнинг имкониятларини ҳам ҳисобга олиш керак. Ахир, ҳаммада ҳам вилоят марказига келиб, кутубхонага аъзо бўлиш учун шарт-шароит бўлавермайди. Мактаб кутубхоналарига келсак, уларни бадиий адабиётлар билан таъминлаш масаласида муаммолар учраяпти. Дейлик, биз Бухоро шаҳридаги 13-ўрта умумтаълим мактабида бўлганимизда бу ерда таҳсил олаётган ҳар бир ўқувчига 1,5 — 2 тадан бадиий китоб тўғри келаётгани гувоҳи бўлдик.
— Тўғри, кейинги йилларда китоб таъминоти борасида ижобий ўзгаришлар юз бермоқда, — дейди мактаб кутубхоначиси Шаҳло Муродова. — Масалан, биз 2023 йилда 256 та бадиий китоб олдик. Лекин мактабимизда 1600 нафардан зиёд ўқувчи билим олаётгани назарда тутилса, бу анча кам. Меъёрга кўра, ҳар бир ўқувчига 3-4 тадан китоб тўғри келиши керак. Айниқса, 1 — 4 синф ўқувчиларига мўлжалланган лотин ёзувидаги бадиий китоблар жуда кам. Ваҳоланки, айнан шу ёшдаги болажонларнинг китоб мутолаасига иштиёқлари баланд...
Биз болалар кутубхоналари моддий – техника базасини мустаҳкамлаш, ёш китобхонларга замонавий шарт – шароитлар яратиш, кутубхоналарни керакли адабиётлар билан таъминлаш масаласига бежиз тўхталмаяпмиз. Ёшларимизнинг зийрак, зеҳнли, билимли, интилувчан, дунёқарашлари кенг бўлиб вояга етишида ҳеч нарса китобнинг ўрнини боса олмайди.
Буни унутишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ! Нима дедингиз, шундай эмасми?
Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг