Ёш етакчилар Форуми доирасида бундай илк учрашувни 2023 йил апрель ойида Самарқандда ўтказишга тайёрмиз — Шавкат Мирзиёев
Фото: Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати
Президент Шавкат Мирзиёев Остона шаҳрида Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг олтинчи саммитида нутқ сўзламоқда. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.
Президентимиз мамлакатлар радикал ғояларнинг кенг хуружига янада кўпроқ тўқнаш келаётганига эътибор қаратди:
«Бузғунчи кучлар тарғибот ва мафкуравий таъсирнинг янги услубларидан фойдаланган ҳолда экстремистик ташкилотларга ёшларни фаол жалб этмоқда.
Шу муносабат билан ёш авлодни радикализмдан асраш, уларнинг куч-ғайрат ва шижоатини бунёдкорлик сари йўналтириш учун тизимли ҳамкорликни ўрнатишимиз керак.
Ўғил-қизларимиз ўз кучига ишониши, адолатли келажакни қарор топтиришда ўз иштирокини ҳис этиши, ўз салоҳият ва умидларини амалда рўёбга чиқариш имкониятларига эга бўлиши лозим.
Мажлисимизнинг Ёшлар кенгаши ҳамраиси сифатида турли ёшдаги инсонлар ўртасида бир-бирини яхшироқ тушунишга даъват этадиган, фарзандларимизнинг энг долзарб муаммоларига биргаликда ечим излашга кўмаклашувчи янги форматни – Авлодлар мулоқотини йўлга қўйишни таклиф этамиз.
Ёш етакчилар Форуми доирасида бундай илк учрашувни 2023 йил апрель ойида Самарқандда ўтказишга тайёрмиз».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг