Ёмғирлатиб суғориш - тежамкорлик ва барака асоси
Фото: "Халқ сўзи"
Жиззах вилояти Янгиобод туманидаги “Янгиобод бахт агро кластер” масъулияти чекланган жамияти ғалла майдонида сувни тежаш, ҳосилдорликни ошириш ва ёмғирлатиб суғориш технологияларидан унумли фойдаланиш, соҳага инвестицияларни жалб қилиш юзасидан семинар бўлиб ўтди. Унда вилоят ва туман секторлари раҳбарлари, ғалла кластерлари раҳбарлари, инвесторлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
-Мазкур жамиятга лойиҳа қиймати 74 миллиард сўм бўлган бошоқли дон экинларини етиштириш учун минг гектар ер майдони ажратилган бўлиб, интенсив суғориш усулида парваришланаётган 600 гектар майдондаги ғалла учун “Агробанк”нинг Зомин филиали томонидан 9.3 миллиард сўм маблағ ажратилган, - дейди Янгиобод тумани ҳокими ўринбосари Сарвар Пўлатов. -Ўзлаштирилган маблағлар ҳисобидан Туркия давлатидан 100 гектар майдон учун томчилатиб суғориш ҳамда 500 гектар майдон учун ёмғирлатиб суғориш технологиялари олиб келинди ва сунъий ҳовузлар яратилди.
Семинарда ғалла етиштиришда замонавий сув тежовчи усул бўлган ёмғирлатиб ва томчилатиб суғориш технологиясидан фойдаланиш, унинг самарадорлиги ва афзалликлари хусусида атрофлича тушунтирилди.
Шунингдек, кластер томонидан 2021-2022 йилларда етиштириладиган бошоқли дон маҳсулотларини қайта ишлашни йўлга қўйиш учун 2-босқичда лойиҳа қиймати 50 миллиард сўм бўлган ун ишлаб чиқариш корхонасини ташкил этиш, чорвачилик соҳасини ривожлантириш лойиҳалари тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.
Толибжон ЭРГАШЕВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг