Ёлғон қўнғироқлардан «бемор» бўлаётган «Тез ёрдам»...
Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Айни пайтда Фарғона вилоятида 4 миллион нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Ўтган йил мобайнида бу ҳудуддан «Тез тиббий ёрдам» хизматига 1 миллион 200 мингдан кўпроқ чақирув бўлган.
Гапнинг очиғи, талаб ва эҳтиёж катталиги сабабли соҳа ходимлари ҳамиша тиғиз иш режимида, зўриқишлар билан ишлайди. Аммо шунга қарамай баъзи ҳолларда «103» хизмати шифокорларининг чақирилган манзилга кечикиб бориши учраб туради. Хўш, нега шундай бўлади?
Маълумотларга қараганда, бугунги кунда Республика тез тиббий ёрдам маркази Фарғона вилояти филиали автопаркида 70 та «Volkswagen Cаддй», 31 та «Hyundai», 11 та «Ниссан», 3 та «Тоёта», 192 та «Дамас» автомашиналари бор. Бу автомашиналар вилоятдаги 307 та тиббий бригадаларга хизмат кўрсатиб келмоқда.
Демак, аста-секин тез тиббий ёрдам хизматида фойдаланишда нисбатан ноқулайроқ бўлган «Дамас» русумли автомобиллардан бутунлай воз кечилади. Бундай автомашиналар яқин вақт ичида захирага олинади ва фавқулодда ҳолатлардагина хизматга жалб этилиши мумкин.

Хизмат кўрсатиш сифати ва кўлами яхшиланиб бораётгани натижасида ҳозирги кунда вилоятда тез тиббий ёрдамнинг манзилга кечикиши 10-12 фоиздан 1-2 фоизгача камайди. Яқин йилларгача чақириқларга етиб бориш вақти ўртача 25-30 дақиқа бўлган бўлса, бугунги кунда атиги 8-12 дақиқани ташкил этади.
— Баъзан ҳамюртларимиз томонидан «Шунча автомашина берилди-ю, лекин бундай қулай ва тезкор хизмат ҳамиша ҳам сезилмайди?» деган эътирозларни эшитиб қоламиз, — дейди Республика тез тиббий ёрдам маркази Фарғона филиали раҳбари ўринбосари Азаматжон Абдураҳмонов. — Ҳақиқатан ҳам нега шундай? Тўғри, охирги йилларда тизимга кўплаб ихтисослашган, замонавий автомашиналар берилди. Фақат унутмаслик керакки, улар асосан эскирган, носоз автомашиналарга алмаштирилди.
Тиббий бригадалар сони эса ўзгаришсиз қолди. Амалдаги белгиланган меъёрларга кўра, маълум бир ҳудуд аҳолиси сонига қараб, яъни ҳар 13 минг аҳолига битта тиббий бригада шакллантирилади. Янги тиббий бригадалар эса йил якунида янгиланган статистикадаги аҳоли сонига қараб ташкил этилади.

Шуни унутмаслик керакки, «Тез тиббий ёрдам машинаси келяптими?» деган ҳар бир қайта қўнғироқ шундай хизматга эҳтиёж сезаётган бошқа ҳамюртларимиз кутишига, тез тиббий ёрдам кечикишига сабаб бўлиши мумкин. Шу ўринда соҳа билан боғлиқ яна бир муҳим масала — энди қўнғироқлар тез тиббий ёрдам ягона «103» қисқа рақами орқали қабул қилинмоқда. Эндиликда биргина «103» рақамини териш орқали бир зумда тез тиббий ёрдам операторига уланиш имконияти мавжуд. У эса бемор ҳақидаги маълумот ва манзилни олган заҳоти уни тез тиббий ёрдам бригадаларига узатувчи тақсимловчига узатади.
Тақсимловчи Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли буйруғи асосида маълумотларни 5 хил тоифага ажратиб, (яъни бинафша ранг ҳаётга таҳдид соладиган касаллик ёки жароҳат, қизил ранг – шошилинч, сариқ ранг – тезкор, яшил ранг – тезкорлиги пастроқ ва кўк ранг – тезкор бўлмаган касалликларга ажратилган ҳолатда) тегишлилиги бўйича (бўш бўлган ва энг яқин) тез тиббий ёрдам бригадаларига узатади. Тиббий бригадалар ушбу хабарни қабул қилган пайтидаёқ зудлик билан бемор томон ҳаракатланади.
Энди тасаввур қилинг: соат 20:00 дан 23:00 га қадар бир ҳудудда тахминан 30 нафар оператор ишласа, куннинг ўша вақтида бирданига 40 нафар ҳамюртимиз қўнғироқ қилса, 10 нафари кутиш режимида туришга мажбур бўлади. Ўтказилган таҳлилларга қараганда, ўша 40 нафар инсоннинг ўртача 20 нафари қайта қўнғироқ қилиб, «Менинг 10 дақиқа олдин берган чақирувим нима бўлди? Тез ёрдам машинаси келяптими?» дея қайта қўнғироқ қилади. Баъзида ҳамюртлардан ҳеч қандай сабабсиз ҳақорат, дўқ-пўписалар ҳам эшитилади. Оператор унинг мурожаатига аниқлик киритиб бергунича яна қанча биринчи маротаба қўнғироқ қилаётганлар кутиш режимида туришга мажбур бўлмоқда.

— Тан олиш зарур, ўтган йили чақирувларнинг 3 минг 100 тасига ходимларимиз томонидан кечикиб бориш ҳолатлари кузатилди, — дейди «Cаллмарказ» масъул ходими Дилором Шаропова. — Бунга ёлғон чақирувлар ва ҳамюртларимиз томонидан «103» рақамига ҳар хил арзимаган сабаблар билан ҳам қўнғироқ қилиш асосий сабабдир. Маълумотларга кўра, ўтган йили марказимизга 250 га яқин ёлғон чақирувлар келиб тушган. Шунингдек, тез тиббий ёрдам ходимлари манзилга етиб борганда чақирувларни рад этиш ҳолатлари ҳам кўп бўлган. Биргина 2024 йили вилоятда 7 мингга яқин ана шундай ҳолатлар кузатилди.
Тез ёрдам бригадаси манзилга ўз вақтида етиб боролмаганига ёлғон чақирувлар ва шошилинч бўлмаган ҳолатлардаги мурожаатлар сабаб бўлса, йўлларда ҳайдовчиларнинг «Тез ёрдам» машиналарига йўл бермаслиги беморнинг ҳолатини янада оғирлаштиради.
— Қарийб 20 йилдан буён марказда ҳайдовчилик қиламан, — дейди Азизбек Каримов. — Кўп ҳолларда оғир бемор олиб кетаётганимизда ҳайдовчилар тез тиббий ёрдам машинасига йўл бермайди. Маҳаллалар ва йўлларга ўзбошимчалик билан сунъий тўсиқлар, темир ва бетонлар ўрнатилиши, қолаверса, тор йўлакларга автомашиналарни қўйиб кетиш ҳолатлари бизга жуда катта қийинчиликларни келтириб чиқаради. Натижада чақириқ манзилларига вақтида етиб боролмаймиз ёки беморни тиббиёт масканига шошилинч тарзда етказишда асаббузарликлар бўлади.

Яқинда йўл-транспорт ҳодисаси натижасида оғир жароҳат олган беморни шошилинч тарзда шифохонага олиб кетаётиб, тирбанд йўлда ҳайдовчилар йўл бермагани учун тез ҳаракатлана олмай қолдик. Шифокорлар ҳузурига ўз вақтида етиб боролмаганимиз учун бемор кўп қон йўқотишидан йўлда вафот этди.
Афсуски, ўтган йили вилоятда «Тез ёрдам» хизматига келиб тушган 250 га яқин ёлғон чақириқнинг энг кўпи – 90 таси Фарғона шаҳри ҳиссасига тўғри келади. Кейинги ўринни Қўқон шаҳри эгаллади – 69 та ёлғон чақириқ. Шунингдек, ўтган йил давомида «Тез ёрдам»га Қувасой шаҳридан 13 та, Бешариқ туманидан 10 та, Олтиариқ туманидан 10 та ҳамда Ёзёвон туманидан 7 та ёлғон чақириқ келиб тушган.
Бу борада соҳа масъулларининг куюнчаклик билан таъкидлашича, қонунчиликда бундай ҳолатлар учун жиддий жазо чораси кўзда тутилмаган. Бунинг натижасида айрим ҳамюртлар ёлғон чақириқни кўнгилхушлик ишига айлантириб олган. Баъзиларнинг бундай тутуриқсиз хатти-ҳаракатининг бадалини айбсиз айбдорлар тўлашига тўғри келаётгани эса жуда ҳам ачинарлидир.
Буниси энди кулфат, буниси энди фожиа...
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг