Яшиллик нафаси билан яшнаётган диёр
Бугун юртимизнинг турли ҳудудларида кўчат экиш, яшил майдонларни кенгайтириш ишлари давом этмоқда. Бу орқали атроф-муҳитни соғломлаштириш, ҳавони тозалаш ва одамлар учун қулай яшаш шароитини яратишга эътибор кучаймоқда. Айниқса, сўнгги пайтларда бу ишларга оддий ҳашар сифатида эмас, балки ҳар бир инсон дахлдор бўлган муҳим вазифа сифатида қаралаётгани аҳамиятли. Жумладан, Бобур шаҳрида “яшил боғ” ва “яшил белбоғ” барпо этиш ишлари бошланди. Бир кунда ўтказилган тадбирда 8000 тупдан зиёд манзарали дарахт кўчатлари экилди. Бу нафақат шаҳар қиёфасини яхшилаш, балки ҳавони мусаффо қилиш, ёзнинг иссиқ кунларида салқин ҳудудлар яратишга хизмат қилади. Энг муҳими, бу ишлар келажак учун қўйилаётган пойдевордир.

Янги барпо этилаётган Бобур шаҳрининг умумий майдони 4 минг гектарни ташкил этади. Бу ерда 410 минг нафардан зиёд аҳоли яшаши мумкин. Режага кўра, 1 минг 439 гектар майдонда 40 минг хонадондан иборат 2 мингта кўп қаватли уйлар қурилади. Шунингдек, 223 гектарда хизмат кўрсатиш объектлари жойлаштирилади, 499 гектар майдон йўллар ва инфратузилма учун ажратилади. Эътиборлиси, 1 минг 820 гектар майдон айнан яшил ҳудудларга ажратилаётганидир. Бу эса шаҳарни бошиданоқ яшил ва шинам муҳитда барпо этишга ҳаракат қилинаётганини кўрсатади.
Сўнгги йилларда ҳам бу йўналишда ишлар изчил олиб борилмоқда. Хусусан, 2024–2025 йилларда 58 гектар майдонда 47 минг тупдан зиёд дарахт кўчатлари экилиб, “Касаба уюшмалари”, “Ватанпарвар” ва “Зиёлилар” боғлари ташкил этилди. Бундай масканлар аҳоли учун дам олиш, болалар учун ўйин, катталар учун эса ҳордиқ чиқариш жойига айланмоқда.

Эътиборли жиҳати шундаки, кўчат экиш ишларида аҳоли фаол иштирок этмоқда. Ёшлар, нуронийлар, турли соҳада меҳнат қилаётган инсонлар биргаликда ҳашарга чиқиб, кўчат экишмоқда. Кимдир кўчат экяпти, кимдир сув қуйяпти, яна кимдир уни парвариш қилишга бел боғлаяпти. Бу эса яшилликни асраш ва кўпайтириш ҳар биримизнинг ишимиз эканини англатади.
Албатта, кўчат экиш билан иш тугамайди. Уни асраб-авайлаш, вақтида суғориш, парвариш қилиш жуда муҳим. Чунки экилган ҳар бир кўчат парвариш қилинсагина ўсиб, катта дарахтга айланади. Акс ҳолда, қилинган меҳнат зое кетиши мумкин.

Яшилликни кўпайтириш айниқса Ўзбекистон шароитида жуда зарур. Иссиқ ва қуруқ иқлим, чангли шамоллар, айрим жойларда сув танқислиги табиатга ўз таъсирини кўрсатмоқда. Дарахтлар эса ҳавони тозалайди, чангни ушлаб қолади, соя-салқинлик беради ва ер намлигини сақлашга ёрдам беради. Энг муҳими, инсон саломатлигига ижобий таъсир кўрсатади, яшаш муҳитини янада қулай қилади.
Қисқаси, яшил макон — бу фақат кўчат экиш эмас, балки келажак учун ғамхўрликдир. Агар ҳар биримиз шу ишга бефарқ бўлмасак, экилган ҳар бир кўчатга эътибор берсак, юртимиз янада кўркам, ҳавоси тоза ва яшаш учун қулай масканга айланади.
Махпурахон ОРТИҚОВА,
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Андижон вилоят бўлими раиси.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг