Яшил макон: Гулзорга бурканган мактаблар
Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ/«Халқ сўзи». Шу кунларда Боёвут туманидаги Кийиктепа қишлоғидан ўтган борки, 44-умумтаълим мактаби остонасидаги улкан қизил гиламдек товланиб турган гулзор гўзаллигидан ҳайратланмай қолмайди.
– Ҳар йили бир қарич ҳам ерни бўш қолдирмаймиз, – дейди мактаб директори Ўрозали Бойқўзиев. – Кўкламдан кеч кузгача боғимиздан мева аримайди. Унда тут, гилосдан тортиб беҳигача бор. Кўчатчилик майдончамизда ўстирган ниҳолларни атрофдаги маҳалла ва хонадонларга ҳам берамиз. Мактаб ҳудудидаги бундай яшиллик ўқувчиларнинг табиатга меҳрини ошириб, боғдорчилик ҳақидаги тасаввурларини ҳамда ботаника, биология сингари фанлардан олган билимларини бойитмоқда.

Сирдарё вилоятида боғу гулзорларга бурканган ана шундай таълим муассасалари кўп. Хусусан, Гулистон шаҳридаги Сирдарё ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернатидаги гулшанлар ҳам ушбу таълим масканининг номига мос, санъаткорона дид билан яратилган. Ўнлаб чечаклар шундай жойлаштирилганки, улар бир жойда ўртаси сариқ, ҳошияси қизил ё пушти пойандозни эслатса, бошқа жойда ранго-ранг юлдузлардек яшнаб ётибди.

– Гулзорларимизнинг гўзаллиги, айниқса, ундаги ранглар жилоси ўқувчиларимизнинг тасвирий санъатда табиатнинг беқиёс ўрнини чуқур англашлари ва умуман, бадиий-эстетик дунёқарашини кенгайтиришга ҳам хизмат қилмоқда, – дейди Ўзбекистон Бадиий академияси аъзоси, Сирдарё ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернати директори, «Шуҳрат» медали соҳиби Баҳодир Бобоназаров.

Албатта, ҳар қандай боғ ва гулзор ҳам боғбоннинг меҳри қўшилган меҳнати билан бунёд бўлади. Шу маънода, умумий ўрта таълим мактаблари ва ва умуман, барча идоралар, ташкилотлар ҳовлисида боғлар, гулзорлар яратишни янада кучайтириш мақсадида «Энг яхши мактаб боғбони», « Энг яхши офис боғбони» сингари танловлар ташкил этилса фойдали бўлади, деган таклиф билдиришни жоиз топдик.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг