“Яшил энергия” сертификатлари тушунчасига аниқлик киритилмоқда

19:26 22 Декабрь 2023 Жамият
751 0

Иллюстратив фото

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг бир гуруҳ депутатлари томонидан қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни ривожлантиришга қаратилган қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Ушбу қонун лойиҳаси билан амалдаги қонунчиликка “яшил энергия” сертификатлари тушунчасини киритиш ҳамда бундай сертификатларни бериш ва муомалага киритиш тартибига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш ваколати Вазирлар Маҳкамасига берилиши назарда тутилмоқда.

Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда электр энергияси ишлаб чиқарилганлигини тасдиқловчи электрон ҳужжат “Яшил энергия” сертификати сифатида қайд этилиши таклиф этилмоқда. Шунингдек, қуввати 300 кВт ва ундан юқори бўлган қайта тикланувчи энергия манбаларида ишлаб чиқарилган электр энергияси тизимига улаш махсус ваколатли давлат органида рўйхатдан ўтказилганидан кейингина амалга оширилиши белгиланмоқда.

Солиқ кодексига “яшил энергия” сертификатлари савдосидан тушган даромадлар фойда солиғидан озод этилишини назарда тутувчи қўшимча киритилиши кўзда тутиляпти.

Қонун ташаббускорларининг фикрича, сўнгги йилларда мамлакатимизда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш, қайта тикланувчи энергия манбалари ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш ҳамда соҳани давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмларини такомиллаштириш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Ўтган давр мобайнида мамлакатимизда қайта тикланувчи энергетикага ўтиш бўйича улкан ишлар қилинди. 2026 йилга қадар эса қайта тикланувчи энергия манбалари улушини 25 фоизга етказиш мақсад қилинган.

Ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши уй-жой коммунал соҳалар ва иқтисодиёт тармоқларида қайта тикланувчи энергия манбаларидан самарали фойдаланишни рағбатлантиришга ҳамда “яшил” иқтисодиётга ўтиш чораларини қўллайдиган инвесторлар учун қулай шароитлар яратилишига хизмат қилади.

Айни пайтда ушбу қонун лойиҳаси биринчи ўқишга тайёрланмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер