«Яшил энергия» сертификатлари савдосидан тушган даромадлар фойда солиғидан озод этилиши мумкин
Бир гуруҳ депутатлар томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида ишлаб чиқилган — «Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш янада ривожлантирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҳам қуйи палата мажлисида биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Ушбу қонун лойиҳаси билан амалдаги қонунчиликка «яшил энергия» сертификатлари тушунчасини киритиш ҳамда бундай сертификатларни бериш ва муомалага киритиш тартибига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш ваколати Вазирлар Маҳкамасига берилиши назарда тутилмоқда.
Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда электр энергияси ишлаб чиқарилганлигини тасдиқловчи электрон ҳужжат «Яшил энергия» сертификати сифатида қайд этилиши таклиф этилмоқда.
Шунингдек, қуввати 300 кВт ва ундан юқори бўлган қайта тикланувчи энергия манбаларида ишлаб чиқарилган электр энергияси тизимига улаш махсус ваколатли давлат органида рўйхатдан ўтказилганидан кейингина амалга оширилиши белгиланмоқда.
Бундан ташқари, Солиқ кодексига «яшил энергия» сертификатлари савдосидан тушган даромадлар фойда солиғидан озод этилишини назарда тутувчи қўшимча киритилиши кўзда тутилмоқда.
Депутатларнинг таъкидлашича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш, энергия самарадорлигини ошириш орқали республика ҳудудларида энергия тақчиллигини бартараф этиш, бу борадаги ишларни комплекс ташкил этиш ҳамда инвесторлар учун қулай шароитлар ва рағбатлантириш механизмларини белгилаш имконини беради.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг