Яратилган қулай инфратузилма шарофати
Кейинги йилларда Наманган вилоятида ишга туширилган иккита эркин иқтисодий зонада кўплаб тадбиркорлик субъектлари томонидан истиқболли лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда.
Чуст ва Тўрақўрғон туманлари ҳудудида жойлашган “Наманган эркин иқтисодий зонаси”да ўтган қисқа вақт ичида 79 миллион АҚШ доллар қийматидаги тўртта йирик лойиҳа асосида экспортбоп маҳсулотлар тайёрланмоқда. Улардан бири — “TAI chang special steel” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхонада йилига 120 минг тонна миқдорида металлпрокат ва панжаралар тайёрлаш имконияти яратилган. Корхонада 800 дан зиёд ишчи меҳнат қилаяпти. Яқинда мазкур эркин иқтисодий зона майдони 70 гектарга кенгайиб, 551 гектарга етди.
— Бултур ҳудудимиздаги тадбиркорлик субъектлари томонидан 833,5 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 36,7 миллион доллар ҳажмида экспорт амалга оширилган эди, — дейди “Наманган ЭИЗ” юрист консультанти Баҳромжон Иброҳимов. — Айни пайтда яна 16 та лойиҳа ижроси устида меҳнат қилиняпти. Йилига 21600 тонна ип-калава тайёрлашга ихтисослаштирилган “Iftihor kiyim sanoat” масъулияти чекланган жамияти ўз лойиҳасининг биринчи навбатини яқин вақт ичида ишга тушириш ҳаракатида.
Куни кеча эркин иқтисодий зонада яна бир лойиҳа ташаббускори — “Ibrat TST GROUP“ МЧЖнинг ишлаб чиқариш бинолари қурилиши бошланди. Лойиҳанинг умумий қиймати 42 млн. АҚШ долларига тенг. Асосан ип-калава ҳамда импорт ўрнини босувчи тайёр текстиль ва трикотаж маҳсулотлари тайёрлашга ихтисослашган мазкур корхонада 800 та янги иш ўрни очилиши кўзда тутилган.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг