Ярашмаган “ялла”
Инсон ақлли бўлиши мумкин, чиройли, ҳатто сўзга чечан, нотиқ-нуктадон бўлиши ҳам мумкин... Аммо ким бўлишидан қатъи назар, одам боласи шаънини ерга уриб, таҳқирлайдиган биргина қилиқ, биргина сўз ёки ноўрин кулги инсоннинг аслида кимлигини фош этиб қўяди. “Суф-е, сенга!”, деб юборганингизни ўзингиз ҳам сезмай қоласиз. Бу сатрларни бежиз ёзмаяпман. Ижтимоий тармоқда хусусий телеканаллардан биридаги “Ёр-ёр” кўрсатувидан олинган лавҳада кўзи ожиз, ақлий томондан ҳам бироз етишмовчилиги сезилиб турган бир қиз “қийналиб кетдим... эрга тегмоқчиман”, дейиши билан ҳаммамизга таниш бошловчи хоним бирдан қаққос уриб кулиши, рости, кўзимга жуда хунук кўринди.
Шу ўринда айтай: камина бир журналист, оддий томошабин сифатида ана шу “Ёр-ёр”га мутлақ салбий муносабатдаман. Бу ҳақида бундан уч-тўрт йил аввал, кўрсатув эфирга янги узатилган пайтда ушбу газетада эълон қилинган “Давай поженимся ёки ўзбекча “Ёр-ёр” ҳақида”, деган мақоламда ҳам тўхталган эдим. Биринчидан, бу кўрсатув Россия телеканалларидан бирида кўп йиллардан бери эфирга чиқадиган “Давай поженимся” кўрсатувидан айнан кўчирма, ўша кўрсатувга нўноқларча тақлид. Иккинчидан, бизнинг миллий менталитетимизга мутлақ ёт, ярашмаган “ялла”.
Тасаввур қилинг, олам олам бўлиб, ҳеч бир ўзбек қизи ёки йигити куппа-кундузи кўчага чиқиб, дуч келган одамга “менга хотин керак” ва ёки “мен эрга тегмоқчиман”, деганми, дейдими? Ҳеч ҳам! Ўзбекнинг ори бор, номуси бор, ибо-ҳаёси бор. “Куйиб” кул бўлса бўлади-ки, бирор ўзбек боласи бу гапни ҳеч қачон айтмайди. Бизда бу иш ўртадаги яхши инсонлар, маҳалла-кўй, қўни-қўшни, қариндош-уруғлар бош-қошлигида амалга ошади. Йигит қизни ёқтириб қолса, бу ҳақида ҳатто энг яқин инсонлари — ота-онасига ҳам бетма-бет айтмайди. Қадрдон дўстига дилини очади. Ва у дўст ота-онани бу ҳақида огоҳ этади. Сўнг ўйлашиб, маслаҳатлашиб, келин бўлмишнинг етти пуштини суриштириб, бир қарорга келингач, ўртага совчи қўйилади. Катта авлод яхши билади. Бизнинг ёшлик йилларимизда йигит-қиз унашилгандан кейин ҳам бир-бирининг ҳатто кўчасидан ўтмаган, бир-бирларининг яқин қариндошларини кўриб қолишса, ўзларини четга олишган...
Гап келганда юқорида зикр этганим, газетада эълон қилинган мақолам тақдири ҳақида ҳам икки оғиз айтай: очиғи, мақола чиққач, таҳририят ҳам, муаллиф сифатида камина ҳам ўша телеканал мутасаддиларидан жўяли жавоб кутгандик. Бундай жавоб бўлмади, ҳеч қандай муносабат ҳам билдиришмади. Аксинча, “ана сенга!” дегандек, ҳафтасига бир бор эфирга чиқадиган “Ёр-ёр”, деярли ҳар куни намойиш этиладиган бўлди.
Кимдир бу сатрларни ўқиб, “бу кўрсатувни кўпчилик кўради, афтидан, ўзингиз ҳам кўрасиз чоғи”, дея эътироз билдириши ҳам мумкин. Тўғри, кўради. Ҳар-ҳар замон ўзим ҳам “бу гал қандай “томоша” кўрсатишяпти экан” деб кўз ташлаб қўяман. Оломончилик. “Бош кўтарган ҳар бир жонзот асло кас эмас”, демоқчи, ҳар хил одам бор. Томошабин ҳам турфа хил. Улар орасида умрида қўлига на газета, на китоб ушламаган, фикрлаши, дунёқараши, маънавий олами ҳаминқадар одамлар ҳам оз эмас. Улар бундай мантиқсиз, савиясиз, енгил-елпи, тутуриқсиз, олди-қочди кўрсатувларни худди комедия кўргандек жон деб кўришади. Вақт ўтказиш учун, шунчаки кўришади. “Ёр-ёр” эса ана шундай кўрсатувларнинг биттаси, таъбир жоиз бўлса, эрмакталабларнинг яхшигина эрмаги.
Уч нафар кўринишдан туппа-тузук одамлар, бири кекса олима, бири қизиқчи артист, ўртада сўзга чечан бошловчи “эрга тегаман, хотин оламан” деганларни безатилган студияга чорлаб, ҳалиги шўрликни ўртага олиб, бачкана, тутуриқсиз саволлари билан “сийлаб”, улардан гап олиб, гап бериб, ҳар бир иштирокчи устидан ошкора кулиб, яйраб ўтиришади. Гуё бу ўртакашлар икки томонни бириктириб “савобли”, “хайрли” иш қилишяпти. Кечирасиз-у, бу бириктириш эмас. Бу инсонни таҳқирлаш, устидан кулишдан ўзга нарса эмас. Бориб турган бедодлик, шармандалик!
Балки натижаси яхшидир, дерсиз? Таниқли журналист Муаззам Иброҳимованинг маълумоти бўйича, ана шу уч “ҳожатбарор” “тупуклаб бириктирган” жуфтликнинг бири — эркак тўйнинг эртаси куни хотинини уриб ўлдирган. Бундай аянчли, фожеали ҳолатлар афсуски... оз эмас.
Ўйлаб қоламан. “Ёр-ёр”дек инсонийликни, урф-одатларимизни, асрий анъаналаримизни топтаётган кўрсатувни маънавиятимиз, маданиятимиз мутасаддилари кўришармикан? Шу ўринда донишманд адибларимиздан бирининг “бўрону довулдан ҳам, селу тошқиндан ҳам хавфли иллат бу — лоқайдликдир”, деган сўзлари ёдга тушади.
Ушбу мақола қоғозга тушаётганда Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси матбуот хизмати ижтимоий тармоқлар орқали ўз баёнотини эълон қилди. Ассоциация “Ёр-ёр” кўрсатувида ногиронлиги бўлган шахснинг камситилганига ўз қаршилигини билдирди. Ҳақиқатан ҳам, бу ҳолат ҳеч қандай мантиққа ва менталитетимизга тўғри келмайди. Ногиронлиги бор инсоннинг устидан масхаралаш бу тубанлик.
— “Ёр-ёр”да жисмоний етишмовчилиги бор, ногиронлиги бўлган инсонларнинг камситилиши ҳар қандай кишини таажжублантириши билан бирга ғазабини ҳам қўзғайди, — дейди наманганлик ёзувчи Раънохон Асқарова. — Яқинда берилган сонида ҳам кўрсатув бошловчиси таклиф этилган қизга қарата “бу қизимизни яқинлари унга кўп савол билан мурожаат қилмаслигимизни сўрадилар. Чунки қизнинг нутқида камчилик бўлиб, қайсидир ҳарфларни талаффуз қилолмас эканлар. Мен кўп савол бемайман”, дея ўз фикрига қарама-қарши саволларни устма-уст ёғдириб ташлади. Ойдеккина қиз ҳижолатдан бош эгганча “ҳаа”, дейишдан нари ўтолмади. Бошловчи эса саволларни қалаштиришда давом этди. Таассуфки, у қизнинг “р” ҳарфини айтолмаслигини билгани ҳолда “бор”, деб жавоб беришини кутарди. Ўйлаб қолдим: ушбу бошловчи бир бечорани миллионлар кўз ўнгида мулзам қилиш орқали маънавият, маданият улашмоқдами?! Нафратланасан одам...
— Юзсизлик, одобсизлик, масхарабозлик айни шу “Ёр-ёр”да яққол кузатилади, — дейди андижонлик журналист Маҳмуд Ибоев.
— Бу кўрсатув бизнинг ўзбек миллатига мутлақо тўғри келмайди, — дейди шоира Юлдуз Алимова. — Қанча танқид қилинмасин, намойиши барибир давом этаётгани эса ғоят таажжубланарли.
Миллионлаб томошабин кўрадиган телевидение бачканабозлик, олди-қочдилар майдони эмас, балки ҳамюртларимизга маънавият улашадиган, уларни эзгуликка чорлайдиган, керак бўлса, тарбиялайдиган даргоҳ бўлиши керак. Биз бир гуруҳ савиясиз одамларнинг ҳаминқадар истаги, “нафси”ни қондириш йўлидан эмас, кўпчиликни маънавий томондан ўстирадиган, эзгулик йўлидан боришимиз керак. Одамларга эргашиш эмас, балки уларни эргаштира билишимиз зарур.
Шундай эмасми?
Ортиқали НОМОЗОВ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг