Яқин Шарқдаги уруш оқибатида Кения оролида минглаб автомобиллар қолиб кетди
АҚШ ҳамда Исроилнинг Эрон билан уруши туфайли Ҳурмуз бўғози орқали юк ташишдаги узилишлар Кения қирғоғидаги Ламу оролида кутилмаган вазиятни юзага келтирди. Ушбу ҳудудда минглаб янги автомобиллар қолиб кетган.
Маҳаллий ҳокимият маълумотига кўра, тахминан 26 минг аҳоли истиқомат қиладиган оролда «Porsche» ва «Volkswagen» каби брендларга мансуб қарийб 4 мингта автомобиль тўпланиб қолган. Улар дастлаб Япониядан Дубайга йўл олган, аммо хавфсизлик муаммолари сабаб кемалар ўз йўналишини ўзгартиришга мажбур бўлган.
Маълумот учун, Ламу ороли Ҳинд океанида жойлашган кичик орол бўлиб, унинг майдони тахминан 57 квадрат километрни ташкил этади. Ушбу оролда автомобиллар ҳаракати деярли тақиқланган. Фақатгина давлат транспорти ва тез ёрдам машиналарига рухсат берилган. Асосий транспорт воситалари сифатида қайиқлардан фойдаланилади.
Порт маъмуриятининг маълум қилишича, Ҳурмуз бўғози орқали ўтадиган йўл ҳарбий ҳаракатлар туфайли хавфли бўлиб қолганидан кейин бир нечта кемалар юкларини айнан Ламуда туширишга қарор қилган. Яна бир неча минг автомобиль олиб келаётган кема ҳам яқин кунларда етиб келиши кутилмоқда.
Кения расмийлари таъкидлашича, ҳозирда кўплаб юк кемалари ўз йўналишини ўзгартиришга мажбур бўлмоқда. Бу эса етказиб беришда кечикишларга сабаб бўлаётган бўлсада, маҳаллий портлар учун қўшимча даромад манбаига айланмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг